Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

 

 

Иқтисодиёт соҳаларида ва аҳоли пунктларида ҳосил бўладиган маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этиш, шунингдек, қулай инвестиция муҳитини яратиш орқали ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:

 

1. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Давлат экология қўмитаси), Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат-хусусий шерикликнинг янги моделини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда, давлат шериги – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари билан хусусий шерик ўртасида тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ:

а) давлат шериги томонидан:

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун тегишли ҳудудлар хусусий шерикка бириктириб берилади;

давлат корхоналари ҳисобидаги чиқинди полигонлари чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича технологияларни татбиқ этган ҳолда қўшимча равишда капитал қўйилмалар ва инвестицияларни жалб қилиш шарти билан хусусий шерикка узоқ муддатга фойдаланишга берилади;

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникалари хусусий шерикка етти йилгача муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган нархларда сотилади ҳамда лойиҳа якуни бўйича тўловлар тўлиқ тўлаб бўлинганидан сўнг уларни тасарруф этиш ҳуқуқи хусусий шерикка ўтказилади;

б) хусусий шерик томонидан қуйидаги мажбуриятлар олинади:

ўзига бириктириб берилган ҳудудда яшовчи аҳолининг қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик битимига мувофиқ инвестициялар киритиш ва санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;

махсус автотранспорт воситалари ва техникалари ҳаракати ҳамда чиқинди полигонларини реал вақт режимида давлат шериги томонидан назорат қилиш имконини яратиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун жисмоний ва юридик шахслардан тасдиқланган нархларда мажбурий тўловлар йиғилишини ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича давлат шериги томонидан яратилган ягона электрон тизимга уланилишини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик битимида белгиланган муддатларда чиқиндиларни саралаш (қайта ишлаш) технологияларини ўрнатиб, ишга тушириш.

2. 2020-2021 йилларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Давлат экология қўмитаси Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

а) қуйидагиларга эришилишини таъминласин:

аҳолини маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан қамраб олиш даражасини жорий йил якунига қадар 90 фоизга, 2021 йил якунига қадар 100 фоизга етказиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини жорий йил якунига қадар 21,8 фоизга, 2021 йил якунига қадар 36,5 фоизга етказиш;

 

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини ташкил этиш соҳасида хусусий сектор улушини 2022 йил якунига қадар 50 фоизга етказиш;

 

б) давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида махсус автотранспорт воситалари ва техникаларни сотишдан келиб тушадиган маблағларнинг махсус банк ҳисоб рақамида жамланишини таъминласин ҳамда уларни махсус автотранспорт воситалари ва техникалар паркини янгилашга, шунингдек, халқаро молия институтларидан давлат кафиллиги остида олинадиган кредит маблағлари бўйича мажбуриятларни сўндиришга йўналтирсин.

4. Белгилансинки 2021 йил 1 январдан бошлаб:

ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари (хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан келишилган нархларда амалга ошириладиган алоҳида хизматлар учун тўловлар бундан мустасно) дастлаб нархларни (тарифларни) тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, кейинчалик тегишлигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан маъқулланганидан сўнг тасдиқланади;

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига хизмат кўрсатиш учун белгиланган тартибда бириктириб берилган ҳудудларда иккиламчи хом ашёни (металл парчалари ва чиқиндиларини сотиб олишдан ташқари) қабул қилиш шохобчалари орқали тайёрлаш (сотиб олиш, қабул қилиш) мазкур кластерлар томонидан амалга оширилади (мазкур ҳудудда қайта ишловчи ташкилотларнинг иккиламчи хом ашёни ўзларига тегишли шохобчалар орқали сотиб олиши ёки қабул қилиши бундан мустасно);

маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматини кўрсатиш жараёнида, шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари ва саралаш пунктларидан маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хом ашёни маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотларнинг розилигисиз ажратиб олиш ва ўзлаштириш тақиқланади;

маиший чиқиндиларни ташиш, саралаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун тегишли технология ва қувватларга эга кластерларнинг янгиланиб борувчи рўйхати, шунингдек, уларга хизмат кўрсатиш учун бириктириб берилган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат экология қўмитаси томонидан шакллантирилади ҳамда унинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.

5. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:

а) бинолар ва иншоотлар, шу жумладан, йўллар ва муҳандислик коммуникацияларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ёки бузиш ишларида (кейинги ўринларда – қурилиш ишлари) ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари биринчи навбатда такрорий фойдаланиш, қайта ишлашга ёки утилизация қилишга йўналтирилади;

 

б) қурилиш ишлари амалга оширилаётган объект жойлашган ҳудудда (туман ёки шаҳар) қурилиш чиқиндиларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун тегишли технология ва қувватларга эга корхоналар мавжуд бўлмаган тақдирдагина уларни белгиланган тартибда чиқинди полигонларига жойлаштиришга йўл қўйилади;

 

в) қурилиш ишлари бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда қурилиш жараёнида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндилари ҳажмларини ва уларни тўплаш жойларини белгилаш, шунингдек, улар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича лойиҳавий ечимлар назарда тутилади;

г) янги қуриладиган кўп хонадонли уйлар жойлашиши режалаштирилган турар жой зоналарида:

маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаларини ташкил этишга бўлган талаб маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида мазкур ҳудудга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган ташкилот билан биргаликда ўрганилади ва қурилиш учун ер участкаларини ажратиш (танлаш) материаллари, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш материалларида назарда тутилади;

хонадонлар сони 300 тадан ортиқ бўлган кўп қаватли уй-жойлар маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчалари билан таъминланмаган бўлса, фойдаланишга қабул қилишга рухсат берилмайди;

д) қурилиш ишларини амалга ошириш натижасида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларининг мулкдори бўлган юридик ва жисмоний шахсларга қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

қурилиш ишлари олиб борилаётган объектларда ҳосил бўладиган чиқиндиларни сараланган ҳолда тўплаш ва вақтинча сақлаш;

қурилиш чиқиндиларини уларни тўплаш, ташиш, утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахсларга топшириш, реализация қилиш ёхуд бу ишларни ўз кучи билан амалга ошириш;

қурилиш чиқиндилари полигонларга жойлаштириладиган тақдирда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар ёки чиқинди полигонига эга бўлган ташкилотлар билан тегишли шартнома тузиш;

 

е) қурилиш чиқиндиларини ташиш билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахслар мазкур хизматларни кўрсатишда уларнинг қурилиш чиқиндиларини утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга топшириш (реализация қилиш) ёхуд чиқинди полигонига жойлаштиришни назарда тутувчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим.

 

6. Қуйидагилар:

2020-2021 йилларда маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қурилиш ва маиший чиқинди полигонларини қуриш ҳамда жиҳозлаш бўйича манзилли дастурлар 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан 2020-2021 йилларда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида эришилиши таъминланадиган мақсадли индикаторлар 4.1-4.13-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ-2916-сон қарори билан ташкил қилинган Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича Республика комиссиясига (Раматов) мазкур бандда назарда тутилган манзилли дастурларга ва мақсадли индикаторларга ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

 

7. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

 

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида юборилган фотосуратлар ва видеоёзувлардаги ҳуқуқбузарларнинг шахсини аниқлаш Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари сўровига асосан ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади;

 

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

8. Давлат экология қўмитаси:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар барча ҳудудлардаги аҳолига атроф-муҳит, шу жумладан, маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишлар ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконини берувчи, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имкониятига эга бўлган Интернетдаги махсус ахборот тизимини яратиш ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизимининг жорий қилинишини таъминласин;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда экологик тарбия ва тарғиботни самарали ташкил этиш ҳамда жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан яқиндан ҳамкорлик қилсин;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳолати ҳақида жамоатчилик хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот-таҳлил ва медиа материалларини тайёрлаш, экологик маданиятни ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш чораларини кучайтирсин;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантириш ишларини мувофиқлаштирсин.

9. Давлат экология қўмитаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда:

“Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида замонавий кўникмалар асосида чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи ходимларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни ҳамда бу борада ишсиз фуқароларнинг бандлигини;

чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнига чет элдан янги технологиялар жалб этилган тақдирда, улардан фойдаланишга ўргатиш бўйича “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларидаги таълим жараёнларига мазкур технологияларни ишлаб чиқарувчи ташкилотлар вакиллари ёки улардан фойдаланиш кўникмалари мавжуд бўлган етук хорижий мутахассислар, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситалари орқали жалб этилишини таъминлаб борсин.

10. Давлат экология қўмитаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида (кейинги ўринларда – Марказ) маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини йўлга қўйсин.

Белгилансинки, 2022 йил 1 январга қадар маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган хусусий ташкилотлар мутахассисларини Марказда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш харажатларининг 50 фоизи Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги “Ўзавтосаноат” АК билан биргаликда уч ой муддатда республикада ишлаб чиқарилаётган маиший чиқиндиларни ташишга мўлжалланган махсус техникалар таннархларини қайта кўриб чиқиб, уларни пасайтириш чораларини кўрсин.

 

12. Давлат экология қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига 2021 йил 1 январга қадар:

 

 

маиший ва қурилиш чиқиндиларини белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш, маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;

 

Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини;

янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини киритсин.

13. Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир ой муддатда чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ўз тизимидаги ташкилотлар ўртасидаги дебитор ва кредитор қарздорлик ҳолатини таҳлил қилсин ҳамда уларни камайтириш юзасидан зарур чораларни амалга оширсин;

 

2021 йилдан бошлаб бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларини молия органларида рўйхатдан ўтказишда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича коммунал хизматлар ҳақини тўлаш ва чиқинди контейнерларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларга етарли бюджет маблағлари назарда тутилишини
назорат қилсин.

 

14. Ички ишлар вазирлиги Давлат экология қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

ушбу қарор ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан назорат ва тарғибот ишларини кучайтирсин;

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш кластерларига бириктирилган ҳудудларда чиқиндиларни тайёрлаш (сотиб олиш, қабул қилиш), ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолиятга оид қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.

15. Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида мазкур қарор қуйидаги тартибда ижро этилсин:

а) Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш бўйича республика комиссияси раиси А.Раматов:

мазкур қарор ижросининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминласин, ҳудудларга чиққан ҳолда белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишини ўргансин, масъул вазирлик ва идораларнинг самарали фаолиятини ташкил этсин ҳамда мувофиқлаштирсин, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиб борсин;

мазкур қарорнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш билан боғлиқ ишларни комплекс амалга ошириш бўйича замонавий чиқинди полигонлари ташкил этилишини, шунингдек, кейинчалик белгиланган тартибда ўзларига бериш шарти билан полигонларни қуриш ишларига хусусий шерикларнинг жалб қилинишини таъминласин;

2021 йил 1 июнга қадар қуйидагиларни ўз ичига олган қурилиш чиқиндилари полигонларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуриш ва жиҳозлаш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори қабул қилинишини таъминласин:

Тошкент шаҳрида ҳосил бўладиган қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш учун Тошкент вилоятининг камида учта ҳудудидан қурилиш чиқинди полигонларини қуришга ҳар бири 5 гектардан кам бўлмаган ер майдонини белгиланган тартибда ажратиш, қуриш ва жиҳозлаш;

 

вилоятлар марказлари, йирик шаҳарлар ва Нукус шаҳри учун қурилиш чиқинди полигонларини қуришга 5 гектардан кам бўлмаган ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш, қуриш ва жиҳозлаш;

 

 

б) Давлат экология қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Н.Обломуродов:

 

мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш ва қайта ишлаш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишини таъминласин;

маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини такомиллаштириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминласин ҳамда бу соҳада давлат экологик назоратини кучайтирсин;

в) Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Ғ.Холжигитов:

лойиҳа ташаббускорларига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, аниқ лойиҳаларнинг концепциялари, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашсин;

мазкур соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг бориши юзасидан мониторингни амалга оширсин;

 

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари:

 

тегишли ҳудудларда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилишида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмаклашсин;

мазкур қарорнинг 2 ва 3-иловаларидаги манзилли дастурларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан талаб этиладиган зарур маблағларни ўз вақтида аниқласин ва ажратсин;

мазкур қарорнинг 4.1-4.13-иловаларига мувофиқ 2020-2021 йилларда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги мақсадли индикаторларга сўзсиз эришилишини таъминласин;

2021 йилда маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қурилган ва хусусий шериклар жалб этилмаган полигонларни бошқаришни Давлат экология қўмитасининг “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарига топширишни таъминласин.

 

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

 

17. Давлат экология қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 29 сентябрь