Ўзбекистон Миллий Матбуот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган матбуот анжуманида Агентлик ҳузуридаги Департамент томонидан олиб борилаётган ишлари ҳақида маълумот берилди.
Департамент томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 2113 та корхоналарда профилактика тадбирлари ўтказилди. Бунинг натижасида 1263 та корхоналар стандартлар ҳамда 150 та ҳалқаро стандартлар билан бепул таъминланди. Шунингдек, 224 та корхоналарда метрология ҳамда 136 та корхонада сертификатлаштириш соҳасида қонун бузилиш ҳолатларининг олди олинди.
Савдо дўконларида сотилаётган ва қурилиш объектларида фойдаланилаётган цемент ва металл маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги ўрганиш натижасида 2 турдаги цемент ва 41 турдаги металл маҳсулотлари амалдаги стандартларга мувофиқ эмаслиги аниқланди.
Натижада цемент маҳсулотларининг мувофиқлигини баҳолашда қўшимча талаблар (сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларининг 3, 7, 28 кунлик синовлари) киритилди ва сифатини назорат қилиш ҳалқаро талаблар асосида тартибга олинди. Қурилишда ишлатиладиган металл маҳсулотларига маҳсус техник регламент ишлаб чиқилиб, кимёвий таркибига қўшимча талаблар белгиланди.
Савдо дўконлари ва деҳқон бозорларида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини ўрганиш натижасида 334 турдаги маҳсулотлар (гўшт-сут, туз, макарон, кофе ва х.к.) амалдаги стандартларга мувофиқ келмади.
Шунга асосан 180 та ишлаб чиқарувчи, импортёр ва савдо қилувчи ташкилотларга ёзма кўрсатмалар киритилиб, бугунги кунда 55 та корхоналар ўз камчиликларини бартараф қилдилар.
Департамент томонидан 342 та сертификатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ҳолатлари аниқланиб, ёзма кўрсатмалар берилди. Натижада 46 та корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сертификатлаштирилди.
2020 йил давомида 24 та сертификатлаштириш идорасининг фаолияти ўрганилиб, камчиликларга йўл қўйган 7 нафар ходимга маъмурий чора кўрилди.
Департамент томонидан 427 та корхонада метрология қоидаларининг бузилиши аниқланиб, натижада 180 та корхона томонидан мавжуд 2098 дона ўлчов воситалари давлат қиёсловидан ўтказилди. Йил якунига қадар 400 та корхонанинг метрологик ҳолати ўрганилади.
Матбуот анжуманида келиб тушган саволларга жавоб берилди.