“Ўзстандарт” агентлиги ва  Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида  навбатдаги матбуот анжумани “ Соф  ўлчашлар тараққиёт кафолати” мавзусида ташкил этилди.
Матбуот анжуманида Агентлик Бош директорининг ўринбосари Ж.Шукуров  иштирок  этиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда “Ўзстандарт” агентлиги тизимини ривожлантиришга берилаётган эътибор хусусида тўхталиб, сўнгги уч йил ичида стандартлаштириш, сертификатлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология соҳаларида ижобий натижадорликка эришлиганли, шу билан бирга, Агентлик олдидаги долзарб вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ҳам маълумот берди.
Матбуот анжумани мавзусига кўра, республикамизда  ўлчовларнинг ягоналигини таъминлаш ва миллий эталонлар базасини ривожлантиришнинг  долзарблигига оид Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан кўргазмали маълумотлар журналистларга тақдим этилди.


Учрашувда  метрология  соҳаси ва хизматларини кўрсатиш йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, шунга яраша қонуний асослар ҳам амалиётга татбиқ этилаётгани айтиб ўтилди. 
Жорий йилнинг 7-апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Метрология тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонунинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар сифатида ўлчашларни бажариш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш, синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиётлари белгилаб қўйилган. 
 Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ва унда белгиланган муҳим вазифалар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.