Маҳсулотнинг миқдори тўғрисидаги маълумот маҳсулотни ўрамларга қадоқлаш жараёнида қадоқловчи томонидан белгиланади. Бу жараёнда қадоқловчи томонидан маҳсулот миқдори қадоқда кўрсатилган ўртача қийматдан, масалан 3 фоиз, атайлаб ёки тасодифан кам солинган тақдирда ишлаб чиқарувчининг ноқонуний фойдаси ёки истеъмолчи кўрадиган зарари, ишлаб чиқаришдан ҳосил бўладиган йиллик даромаддан бир неча баробар юқори миқдорни ташкил этиши мумкин.
Шундай ҳолат содир бўлганда, яъни сотилаётган маҳсулот ўрамида кўрсатилган миқдордан кам бўлганда истеъмолчи буни сезмаслиги ёки қадоқланган маҳсулот ўрамини бузиш натижасида унинг камлигини аниқлаган тақдирда ҳам номувофиқлик юзасидан давлат органларига шикоят қила олмаслиги мумкин.
Жаҳон амалиётида мазкур муаммони ечиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Қонунлаштирувчи метрология халқаро ташкилотида ўтган асрнинг 70 – йилларидан буён ТК-6 “Қадоқланган товарлар” техник қўмитаси фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу қўмитада бугуни кунда 40 га яқин аъзо давлатлар ва 20 га яқин давлат ассоциялашган аъзоси бирлашган.
Европа давлатларида қадоқланган маҳсулотларда миқдор камлиги аниқланса, қонун бузилишидан олинган фойда ҳисоб-китоб қилинади ҳамда ушбу миқдордан ошган ҳолда жарима солиш чоралари қонуний мустаҳкамлаб қўйилган. Қонунбузар корхонанинг ўзи эса ҳамма учун очиқ бўлган “қора рўйхатга” киритилади.
Жорий йилнинг 7 апрель куни қабул қилинган янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига “Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назорати” тўғрисида янги модда киритилди. Мазкур модда билан ўрамларга қадоқланган товарларнинг уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдори устидан давлат метрология назоратини ўтказиш тартиби, татбиқ этилиш соҳалари, амалга ошириш усули аниқ қилиб белгилаб қўйилди.
Ушбу қонун нормаларини амалга киритиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ўрамларга қадоқланган товарлар. Ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан метрология назоратини ўтказиш бўйича умумий талаблар” Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти (Oz’DSt 8.086.2020) тасдиқланди.
Мазкур стандарт қадоқлаш усулидан қатъий назар ҳар қандай турдаги ўрамларга қадоқланган товарлар учун амал қилади ва уларни майдалаб қадоқлаш ва сотиш чоғидаги миқдорни назорат қилиш тартиби ва усулларига умумий талабларни белгилайди.
Шунингдек, стандартда ўрамларга қадоқланган товарлар миқдорини назорат қилиш тартиби ҳам белгилаб қўйилган.