Коррупция ва таъмагирлик дунёдаги ҳалокатли ва мураккаб муаммолардан биридир. Мазкур муаммоннинг олдини олиш мақсадида порахўрлик билан курашиш бўйича ISO ташкилоти томонидан ISO 37001 халқаро стандарти ишлаб чиқилган.
Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) ҳар йили менеджмент тизимлари учун ISO сертификатининг умумий кўринишини таъминлайдиган глобал ISO сўровини ўтказади.
ISO 2018 статистик маълумотларига кўра, мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан 389 та ISO 37001 бошқарув тизимининг сертификатлари берилган.
Италия, Корея Республикаси, Мексика, Испания, Буюк Британия, Греция, Малайзия, Бразилия, Руминия, Польша давлатлари ISO 37001 стандарти талаблари бўйича сертификатланган етакчи мамлакатлар ўнталигига киради. Бундан ташқари, фармацевтика, давлат, улгуржи ва чакана савдо, шахсий ва уй-рўзғор буюмлари, қурилиш ва машинасозлик соҳалари энг кўп сертификатланган тармоқлари ҳисобланади.
ISO 37001 – бу ташкилотда порахўрликка қарши самарали тизимни яратиш учун халқаро моделни ўз ичига олган халқаро стандартдир.
ISO 37001 сертификатни олиш орқали ташкилот ўз мижозлари, шериклари, ҳокимият идоралари, инвесторлар ва бошқа манфаатдор томонларга бизнесни шаффоф, қонуний ва энг яхши тажрибага мувофиқ равишда иш олиб бориш қобилиятининг юқори даражасини намойиш этиши мумкин.
Коррупцияга қарши бошқарув тизими ва менеджмент тизимлари бўйича 2019 йил ISO ташкилоти глобал сўрови натижалари жорий йилнинг сентябрь ойида маълум қилинади.
Мазкур халқаро стандартлар ҳақидаги қўшимча маълумот олиш учун “Ўзстандарт” агенгтлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармасига, Стандартлар институтига ёки қуйидаги ҳаволага мурожаат қилишингиз мумкин www.globalstd.com
«Ўзстандарт» агентлиги
Халкаро муносабатлар бошқармаси