Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги эълон қилинди.
«Қадрли ватандошлар!
Бутун ислом олами қаторида дину диёнатли, эътиқоди мустаҳкам халқимиз катта интиқлик билан кутиб олаётган муборак Қурбон ҳайити билан сиз азизларни, юртимиздаги барча мусулмон умматини чин қалбимдан самимий табриклайман.
Кўҳна тарихимиз давомида юртимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин эгаллаб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик тамойилларини ҳар томонлама барқарор этиб келаётган бу қутлуғ байрам барчамизга муборак бўлсин!
Ушбу муқаддас айёмда сизларга, бутун эл-юртимизга сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат тилайман.
Дунё давлатлари қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмаган оғир синов – коронавирус пандемияси шароитида биз Қурбон ҳайитининг жамиятимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва улкан аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда, десак, тўғри бўлади.
Давлатимиз ва жамиятимиз томонидан кўрилаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, минг афсуски, юртдошларимиз орасида ушбу касалликдан вафот этганлар ҳам бўлди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига чин қалбимдан ҳамдардлик билдириб, барчаларига сабр-бардош тилайман, марҳумларнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан сўраб қоламан.
Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз.
Муқаддас Қуръони каримнинг бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик
ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.
Дарҳақиқат, ушбу оғир синов дамларида Aллоҳ таолонинг ўзи эзгу ва савоб амаллар учун янги имконият эшикларини очиб бермоқда. Хусусан, пандемия туфайли ишидан, доимий даромад манбаидан узилиб қолган, ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак беришни юртдошларимиз ўзларининг инсоний бурчи, деб қабул қилаётгани таҳсинга лойиқдир. Зеро, муқаддас ҳадисларда келтирилганидек, ҳақиқий мусулмон ўзига раво кўрганини биродарига ҳам раво кўради.
Айниқса, ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари, маҳалладоши ёки юртдошининг оғирини енгил қилиш учун холис ният билан ҳадя этган, меҳр-оқибатли, инсоф-диёнатли ва жонкуяр инсонларга Яратганнинг ўзи ажру мукофотини беради, албатта.
Ана шундай олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди.
Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Ҳаракат доирасида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради.
Ана шу эзгу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида ҳамда пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини ва оилаларни ҳамда иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида аввал ажратилган
10 триллион сўм маблағга қўшимча равишда бугун мен имзолаган Фармонга мувофиқ, республика бюджетидан яна қарийб 2,5 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланди.
Шу билан бирга, жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши – маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Азиз юртдошлар!
Биз орзу-ниятлари пок ва улуғ халқмиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг: “Муроди кўпнинг Ҳаққа итоати ҳам кўп бўлади”, деган сўзларида теран маъно мужассам.
Ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу саодатли айёмда дунёнинг олис-яқин мамлакатларидаги барча мўмин-мусулмон биродарларимизни, хорижий дўст ва ҳамкорларимизни ҳам Қурбон ҳайити билан қизғин табриклаб, уларга мустаҳкам тинчлик, бардавом тараққиёт тилайман.
Сиз, азиз ва муҳтарам ватандошларимизни Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман.
Барча пок ниятларимиз ижобат бўлишини, Яратганнинг ўзи юртимизни турли бало-қазолардан асрашини, бирдамлик, дўстлик ва аҳиллик туйғуларимиз янада зиёда бўлишини сўраб қоламан.
Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Эзгу интилиш ва ишларимизда Аллоҳ таоло ҳамиша мададкор бўлсин!»