Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:
- Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.
Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир «сеҳрли рецептлар» ҳали йўқ.
Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.
Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 минг 982 нафарга, соғайганлар сони 6 минг 890 нафарга етди.
Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.
Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.
Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.
Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.
Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.
Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.
Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.
Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.
Жойларда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти.
Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.
Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика комиссияси вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўриши шарт.
Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда, назорат ўрнатсин.
Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз.
Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.
Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.
Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.
Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!
Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.
Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.
Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизни тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак.