Германия халқаро ҳамкорлик жамияти GIZнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида, жорий йилнинг 23-24 июнь кунлари, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан амалга оширилаётган "Пахтачилик саноатини барқарор ривожлантириш ва қўшилган қийматни ошириш" лойиҳаси доирасида органик пахта етиштириш ва органик пахта стандарти тизими бўйича онлайн трейнинг ташкил этилди.
“Ўзстандарт” агентлиги Халқаро муносабатлар бошқармаси хабарига кўра, онлайн тренингда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги „Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси мутахассислари, республикадаги пахта-тўқимачилик кластерлари ходимлари, агрономлар ва фермерлар органик пахтачилик тизими, органик усулда пахта етиштириш учун асосий талаблар, органик пахта стандартлари, сертификатлаш жараёнлари ва тартиблари бўйича билим ва кўникмаларини ошириб, халқаро ва маҳаллий эспертлар билан тажриба алмашдилар.
Мазкур тренинг Швейцариянинг “Органик қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти” (FiBL)нинг эксперти Джиан Николай ва органик пахта бўйича маҳаллий эксперт Абдулатиб Халдаровлар томонидан олиб борилди. Ҳозирги кунда лойиҳа Германия иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) томонидан молиялаштирилмоқда.
Маълумот учун: Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти) Германиянинг федерал компанияси бўлиб, 120 мамлакатда фаолият юритади. GIZ барқарор ривожланишни таъминлаш мақсадида Германия Федератив Республикаси ҳукуматининг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги мақсадларини амалга оширишда қўллаб-қувватлайди.