​Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида барпо этилган Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносини бориб кўрди.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 29 ноябрдаги фармонига мувофиқ Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилган эди. Ўша йили декабрда бу янги идора учун бино қуриш бошланганди. Ўтган йил 24 майда Президентимиз бунёдкорлик ишларининг бориши билан жойнинг ўзида танишган эди. 
 
Вазирликни ташкил этишда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳаларни жаҳон илм-фани ютуқлари, инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жадал ривожлантириш мақсад қилиб қўйилган. 5 қаватли бино шунга мос қурилган ва жиҳозланган. 
 
Биринчи қаватда кўргазмалар зали, амфитеатр, ёш ихтирочилар хонаси, ахборот бўлими, электрон кутубхона, қаҳвахона, фуқаролар қабулхонаси жойлашган. Иккинчи қаватда Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, робототехника ва мехатроника, интернет дастурлари бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилган. Илмий-техник ахборот маркази, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази, стартап хоналари учинчи қаватда жойлашган. Юқори қаватлардан вазирлик ходимлари учун кабинетлар, анжуман заллари ўрин олган. Бу ерда аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича ўқув лабораториялар ҳам фаолият кўрсатади.
 
Бино атрофидаги боғда фаввора, ёзги амфитеатр, тақдимот майдончалари барпо этилган.
 
Шавкат Мирзиёв дастлаб интерфаол кўргазма зали - “Showroom” билан танишди. Бу ерда хорижий ва маҳаллий компанияларда ишлаб чиқарилаётган инновацион маҳсулотлар, стартап лойиҳалар тўғрисида маълумотлар олиш мумкин бўлади. У турли соҳалардаги 37 та лойиҳани қамраб олувчи 8 та блокдан иборат.
 
Масалан, робототехника бурчагида етакчи хорижий компанияларнинг роботлари жойлаштирилган. Бу ерга келувчилар роботларни ясаши ёки бошқариб кўриши мумкин. Соҳани чуқурроқ ўрганиш истагида бўлганлар ўрганишларини иккинчи қаватдаги робототехника ўқув-тадқиқот лабораториясида давом эттиради.
 
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага оид технологиялар трансфери бўлимида юқори технологиялар, “ақлли” қурилмалар, кундалик ҳаётда қўлланадиган инновацион жиҳозлар билан танишиш мумкин. 
 
Қурилиш ва автосаноат соҳаларига тегишли яна бир лойиҳа – илк бор импорт ўрнини босувчи, экспортга йўналтирилган полиэфир шпатлёвка ва полиэфир елим ишлаб чиқариш технологиялар трансфери муваффақиятли амалга оширилди.
 
Вазирлик биносидаги интерактив студияда онлайн дарслар, вебинарлар ўтказиш, видеодарслар ёзиш мумкин. Бу студия “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларни ўқитиш, масофавий мулоқот орқали жойлардаги мутахассислар малакасини оширишда ҳам қўл келади.
 
- Мамлакатимиз юқори технологик соҳалар бўйича дунёдан ортда қолиб кетган. Барча соҳаларни модернизация қилиш, жаҳон билан ҳамқадам бўлиш учун Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиб, шундай шароитлар яратдик. Бу жамоа йил якуни бўйича бу борада аниқ амалий натижаларни кўрсатиши керак, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
 
002.jpg
 
Вазирликка берилган ваколат ва яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш, ишланмаларни соҳа ва тармоқларга татбиқ этиш бўйича топшириқлар берилди.
 
Президентимиз видеоалоқа орқали вазирликнинг Илғор технологиялар маркази мутахассислари билан мулоқот қилди. 
 
Давлатимиз томонидан одамларни илм-фанга қизиқтириш ва рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Вазирликнинг янги замонавий биносида бунинг учун барча шароит муҳайё. Иқтидорли ёшлар бу ерда энг сўнгги ишланма ва технологиялар билан танишиш баробарида стартап лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
 
Бинода кенгайтирилган виртуал реаллик технологияси - NazzAR платформаси ишга туширилган. Бу технология фойдаланувчиларга қўлидаги смартфони орқали дунё объектлари билан интерфаол муносабатларга киришиш имконини беради.
 
Бугунги кунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни таъминлаш учун зарур тизим яратилди. Илмий-тадқиқот муассасалари ва олимларнинг инновацион ғоя ва лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, қиймати 28,2 миллиард сўмлик 31 та стартап лойиҳа молиялаштирилди. Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳозирги кунда Германия, Россия ва Беларусдаги шериклар билан 9,6 миллиард сўмлик 38 та қўшма лойиҳа амалга оширилмоқда.
 
a86aebb0-65fa-c355-14ef-5fdc7d23bd35.jpg
 
2fe09bf0-453f-9e06-cb27-1ab7ade31d9b.jpg
 
f3bd6448-66b6-95ba-0720-59036fcfe0df.jpg