Миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси учун ҳам Жаҳон савдо ташкилоти (WTO)га аъзо бўлишнинг  афзалликларини чуқур ўрганиш, бу борада аниқ мезонни белгилаб олиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. 
Таъкидлаш жоизки, 1995 йил 1 январидан фаолиятини бошлаган Жаҳон савдо ташкилотининг айни вақтда 164 та аъзо мамлакати учун янги бозорлар очиқ ҳисобланади. Унинг норматив-ҳуқуқий базасини 10 дан зиёд турли йўналишдаги битимлар ташкил этади. Ташкилотнинг барча аъзолари учун мазкур ҳужжатлар талабини бажариш мажбурий саналади. Ушбу халқаро ташкилотга, аъзо бўлишни истаган давлатлар ўз миллий қонунчилигини уларга мувофиқлаштириши лозим бўлади.
Шу мақсадда, "Ўзстандарт" агентлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари иштирокида Xалқаро савдо маркази (ITC) экспертлари билан видеоконференция ташкил этилди. 
Тадбирда соҳаларга оид миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) битимларида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро таққослаш ва мувофиқлаштириш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этишда стандартлар, техник регламентларнинг ўрни ва роли, мувофиқликни бахолаш, ички ва ташқи бозорларда юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб тариф ва нотариф тартибга солиш тизимини ишлаб чиқиш 
ва такомиллаштиришдаги халқаро тажриба, санитар ва фитосанитар чораларни қўллаш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир натижасига кўра, ITC экспертлари томонидан стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш хамда мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги қонунларни такомиллаштиришда амалий ёрдам берилиши ва савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш этиш бўйича семинарлар ташкил этишга келишилди.