Ўзбекистон Республикасининг Эрон Ислом Республикасидаги Элчиси Б.Абдуллаев раислигида Бухоро вилояти ҳудудида Эроннинг “Rahpouyan J.S.” компанияси иштирокида иссиқхоналар дастгоҳларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этиш инвестицион лойиҳаси борасида онлайн тарзда видеоконференция ўтказилди.
Тадбирда “Rahpouyan J.S. Сo.” компанияси бошқарув раиси Голамхосейн Табризи, ташқи савдо масалалари бўйича менежери Алаа Табризи, «Ўзстандарт» Агентлиги Бош директори Дилшод Саттаров, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ризо Асадов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш Агентлиги директори ўринбосари Ойбек Элмуродов иштирок этди.
Маълумот:
Иссиқхона дастгоҳларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Rahpouyan J.S.” компаниясига 2007 йилда асос солинган бўлиб, компания Эронда иссиқхоналар қурилиши бўйича энг йириги ҳамда мамлакат қишлоқ хўжалиги секторида муҳим мавқега эга ҳисобланади. Ушбу компанияси Эроннинг 41 вилоятида иссиқхона комплексларини лойиҳалаштирган ва қурилиш ишларини амалга оширган, йилига 250 гектар майдонга иссиқхоналар учун дастгоҳлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Озарбайжон, Ироқ, Арманистон, Қозоғистон, Туркманистон, Грузия ва Ўзбекистоннинг Хоразм, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари ҳудудларида иссиқхона комплексларини қурган.

Тадбирда Х.Табризи “Rahpouyan J.S.” компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган иссиқхона дастгоҳлари қор, ёмғир, бўрон, кучли шамол, жазирама иссиқ, зилзила ва бошқа табиий офатларга қарши чидамлиги ва мустаҳкамлиги билан ажралиб турилишини қайд этиб, Ўзбекистонда керакли шароитлар ва имкониятлар  таъминланиб берилса, компания Бухоро вилоятида умумий қиймати 10 млн. долл. тенг иссиқхоналар дастгоҳларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этиш инвестицион лойиҳасини амалга  оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш Агентлиги вакиллари томонидан Эрон томониган 30% иссиқхона  қисмлари хорижий давлатлардан олиб кирилганда, уларга нисбатан импорт божлари қўлланилмаслиги ва 2020й. январь ойида кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар тўғрисидаги янги таҳрирдаги қонун, хорижий инвесторларга лойиҳани амалга оширишга сарф қилинган маблағларни тўлиқ равишда қайта олиб чиқишга кафолатланганини таъкидлади.
“Ўзстандарт” Агентлиги  иштирокчилари, бугунги кунда Ўзбекистонда иссиқхоналар қурилиши жараёнида янги талаблар ва стандартлар қўйилаётганлигини, шу ўринда, “Rahpouyan J.S.” компанияси томонидан тақдим қилинган иссиқхона лойиҳалари ва чизмалари ўрганилиб чиқилаётганлиги ва Агентлик Эрон томони билан бу йўналишда ҳамкорлик алоқаларини, шу жумладан илмий кооперация муносабатларини ўрнатишга тайёр эканлигини билдирди.
Эронлик мутахассиснинг режаси бўйича бутун инвестицион лойиҳа 14 кичик лойиҳалардан иборат бўлади. Жумладан, иссиқхона дастгоҳларини ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида, ушбу кичик лойиҳалар профиллар, дрипперлар, пластик қувурлар, поликарбонатлар ва иссиқхонлар учун керакли бўлган бошқа асбоб-ускуналарни ишлаб чиқаришни ўз ичига қамраб олади.
Тадбир якунига кўра, Бухоро вилояти ҳокимияти ва “Rahpouyan J.S.” компанияси ўртасида ҳамкорлик Меморандумини лойиҳаси тайёрланиб, Эрон томонга  кўриб чиқиш ва имзолаш учун юборилиши келишиб олинди.