Муносабат 

Ўзбекистонда экспорт салоҳиятини ошириш ва экспортчиларни барқарор ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Амалга оширилаётган фаол ташқи иқтисодий сиёсат натижасида экспорт таркибида тайёр маҳсулот улушининг кўпайиши ва янги хорижий бозорларнинг ўзлаштирилишига эришилмоқда.

Давлат томонидан экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган механизмлардан бири – бу Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилганлиги ва тадбиркорларга экспорт фаолиятини ривожлантириш учун бир қанча молиявий кўмаклар бериш жорий қилинганлигидир.

Мисол учун, 2019 йилдан буён 52 турдаги маҳсулотларни темир йўл транспорти орқали экспорт қилишда ташиш харажатларининг 50 фоизигача қисмини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тизими мавжуд.

Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган бугунги шароитда анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш ва янги бозорларга кириб бориш орқали экспорт ҳажмларини ошириш учун тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш зарурати юзага келди. Айниқса, жаҳонда кенг тарқалган коронавирус пандемияси оқибатлари натижасида кутилаётган глобал иқтисодий инқироз шароитида давлат томонидан тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳар жиҳатдан муҳим саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши экспортчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришларнинг мантиқий давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун бир қатор енгиллик ва имтиёзлар белгилаб берилган.

Қарор экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўзида ифода этган.

Хўш, ушбу қарор экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга нима беради? Биринчидан, маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларга 68 турдаги маҳсулотларни экспорт қилишда, экспорт бўйича нафақат темир йўлда, балки ҳаво ва авто транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.

Иккинчидан, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация тақдим этилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро хужжатлари бўйича қарздорлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январгача бекор қилинди.

Мухтасар айтганда, ушбу қарорнинг ижроси маҳаллий тадбиркорлар томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш орқали анъанавий бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда янги бозорларга жадал кириб боришига туртки бўлади.

Зафар ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва

ташқи савдо вазирлиги бош мутахассиси.

 
ЎзА