Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси хабарига кўра, АҚШнинг расмий доира вакиллари ва экспертлари, шунингдек, АҚШда истиқомат қилаётган ватандошлар ҳамжамияти Бухоро ва Сирдарё вилоятларида юз берган табиий офатдан жабрланганларга ҳамдардлик билдириб, қўллаб-қувватлашларини маълум қилди.
 
АҚШ Давлат котиби Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс ўзининг Твиттер саҳифасида шундай деди:
 
«Бугун бизнинг қалбимиз Сирдарё ва Туркистон аҳолиси билан бирга. Биз Ўзбекистон ва Қозоғистон билан яқинмиз ва биргаликда тикланамиз».
 
АҚШнинг етакчи таҳлил марказларидан бири - Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциацияси президенти Грегори Коплей ўз интервьюсида:
 
- Ўзбекистон коронавирус пандемиясига қарши самарали курашаётганини кўриб, жуда мамнунман. Афсуски, яқинда мамлакат кенг кўламли табиий офатлар - Бухорода бўрон ва Сирдарё вилоятларидаги тошқинларга дуч келди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳукумат содир бўлган ҳодисанинг биринчи кунларидан бошлаб мамлакатнинг ушбу минтақаларида зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётгани, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун ўз вақтида самарали чоралар кўраётганлигига бутун дунё гувоҳ бўлмоқда.
 
Шуни таъкидлаш керакки, дуч келган қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон CОVID-19 вирусига қарши курашни давом эттирмоқда. Бу ўзбек халқининг бирдамлигини намойиш этади ва Марказий Осиё минтақаси учун намуна, десак янглишмаган бўламиз.
 
Ишонамизки, Ўзбекистон табиий офатлар оқибатларини тезда бартараф этади. Бу ерда, Вашингтонда, биз жабрланганларнинг саломатлиги учун ибодат қиламиз ва уларга тезроқ тикланишларини тилаймиз".
 
Халқаро стратегик тадқиқотлар ассоциацияси АҚШдаги етакчи илмий марказлардан бири бўлиб, 200 дан ортиқ мутахассисларни ўз ичига олади. Уюшма ҳар ой мудофаа ва ташқи алоқалар журналида, асосан АҚШнинг Хитой, Россия, Эрон, Яқин Шарқ ва Осиё билан муносабатлари тўғрисида илмий материалларни нашр этади.
 
Туркистон-Америка ассоциацияси президенти Абдулла Хуж ўз видеомурожаатида қуйидагиларни таъкидлади:
 
"Биз кеча Сирдарёдаги сув омборида тўғоннинг очилиши тўғрисида келган ташвишли хабарларни қайғу билан қабул қилдик. Шу муносабат билан биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ва бутун ўзбек халқига ҳамдардлик билдирамиз.
 
Ушбу табиий офат одамларнинг қурбон бўлишига олиб келмаганидан мамнунмиз. Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий аҳолини эвакуация қилиш учун зудлик билан чоралар кўрди ва зарур ёрдам кўрсатди.
 
Ўзининг узоқ тарихида кўплаб синовлардан ўтган халқ ушбу қийинчиликларни жасорат ва ҳамжиҳатлик руҳида енгиб ўтишига аминмиз.
 
Рамазон ойининг ушбу муборак кунларида ўзбек халқи ушбу офатларнинг оқибатларини тезда бартараф этишини сўраб дуо қиламиз”.
 
Туркистон-Америка ассоциацияси АҚШда биринчи нодавлат, нотижорат ўзбек жамоат ташкилотидир, у 1958 йилда Ўзбекистондан келган муҳожирлар ташаббуси билан Филаделфия шаҳрида ташкил этилган. Уюшма аъзоларининг сони қарийб 3 минг кишини ташкил этади, уларнинг 80% дан ортиғи АҚШ ва Канаданинг турли штатларида истиқомат қилувчи ўзбекистонлик муҳожирлардир.
 
Питсбург университети профессори Женнифер Муртазашвилли Сирдарё вилоятида барчага ўзбек тилида мурожаат қилди.
 
"Ассалому алайкум азизлар, сардобалик дўстларим, дардингизга шерикман!
 
Ачиндим! Сирдарё вилоятидаги тошқиндан азият чеккан одамларга ўзимнинг ҳамдардлигимни билдираман. Кучли бўлишингизни сўрайман. Бизлар сиз билан биргамиз!"
 
Женнифер Муртазашвили, Питсбург университети Халқаро ривожланиш дастури директори. Жамият ва халқаро алоқалар, Ўрта Осиё ва Афғонистон ҳақида бир нечта китоблар муаллифи. У Ўзбекистондаги Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлигида ишлаган, АҚШ Тинчлик корпусининг ва Жаҳон банкининг маслаҳатчиси.
Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади, ЎзА