Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Агентлик қошида котибиятини юритувчи “Нашриёт-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолияти” стандартлаштириш бўйича техник қўмитасини ташкил этиш ишлари ўз якунига етмоқда. Ушбу қўмитага аъзо сифатида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “SHARQ” НМАК, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи, Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институти ва бошқа бир қатор ушбу соҳада етакчи ташкилотлар ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги фаолият юритиши режалаштирилган. 
Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси қошида “Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари” стандартлаштириш бўйича техник қўмитаси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК ва ушбу соҳада фаолият юритувчи бир қатор ишлаб чиқарувчилар аъзо сифатида жалб қилинди.
Юқорида таъкидланган соҳаларга даҳлдор бўлган вазирлик ва идоралар, шунингдек, хусусий сектор вакиллари тегишли тартибда техник қўмиталар ишида иштирок этишлари мумкин. 
Ташкил этилаётган ушбу техник қўмиталар келгусида тегишли соҳаларда стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва уларни кенг жорий этишда амалий кўмак беради. 
Шу билан бирга, амалдаги меъёрларга кўра ҳар қандай манфаатдор томон тегишли соҳада техник қўмитани ташкил этиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олган ҳолда, ушбу масала бўйича “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлар  институтига мурожаат этишлари мумкин.