Бугун ҳам ўтган кунлардаги каби коронавирус инфекциясига чалинган кўплаб беморларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб соғайиб чиқишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Барчамиз учун қувончли бўлган ушбу жараёнда шифокорларимизнинг ҳиссаси улкан эканини, яна бир бор, алоҳида эътироф этиш жоиз.
 
Айни шу соатларда Андижон вилоятида 27 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, жами 34 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
 
Эндиликда дарддан фориғ бўлганлар Андижонда 88 нафарни, Сурхондарёда эса 18 нафарни ташкил қилмоқда.
 
Шундай қилиб, бугуннинг ўзида 100 нафар бемор тузалиб, айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 992 нафарга етди.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими