Президентимиз “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Мазкур фармон халқимиз узоқ йиллар кутган тарихий ҳужжат бўлди. Чунки, ушбу фармонда вақтлар мобайнида фуқароларга қийинчиликлар туғдириб келган қатор муаммолар ўз ечимини топган.

– Прописка тизимини ислоҳ қилиш халқимизнинг кўп йил кутган орзуси эди, десак муболаға бўлмайди, – дейди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Президентимизнинг шахсий иродаси туфайли прописка тизимини янада ислоҳ қилишга оид фармон имзоланди. Ҳужжат лойиҳаси муҳокамасида мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ва уларнинг аксариятида фармон қўллаб-қувватлангани кўп йиллик муаммоларнинг ечимига қаратилган ҳужжат эканидан далолат беради.

Бу жараёнда, аввало, эркинликни чекловчи, ажратувчи деган салбий тасаввурларни пайдо қилган прописка атамасидан воз кечилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, “доимий прописка қилиш” ва “турган жойи бўйича ҳисобга олиш” тушунчалари “доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” ва “вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш” тушунчаларига ўзгартирилади. Шунингдек, фуқароларга биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда бўлган манзил билан бир қаторда эгалигида бўлган уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади.

– Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемияси авж олаётган ва республикамиз ҳудуди бўйлаб ҳам ўз таъсирини ўтказаётган, мамлакат миқёсида карантин тадбирлари олиб борилаётган бўлишига қарамасдан давлатимиз раҳбари томонидан иродали қарор қабул қилиниб, фармон имзоланди, – дейди Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Муҳаммедов. – Унга кўра, кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтишга розилик берилди.

– Жаҳон тажрибасидан маълумки, прописка тизимига ўхшаш бўлган айнан прописка эмас, рўйхатда туриш билан боғлиқ тизим мавжуд, – дейди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев. – Лекин у рухсат олиш эмас, балки хабардор қилиш мақомида. Мисол учун, сиз бир шаҳардан бошқа шаҳарга яшагани келсангиз ушбу манзилдаги давлат органларини онлайн электрон равишда хабардор қилсангиз кифоя. Кимдандир рухсат олиш, кимнингдир эшигида туриш, бир дунё ҳужжатлар тайёрлаш ҳақидаги талаблар бўлмайди. Шу нарсалар бекор бўлиб фармон билан тизим янгиланмоқда.

Аҳамиятли томони шундаки, ушбу фармон билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш учун эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ҳамда бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда доимий яшаш жойи бўйича прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланди. Оилага тарбияга олинган шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади.

Малакали мутахассислар ҳар жойда зарур. Шу сабабли эҳтиёжга қараб кимдир у ҳудудда, кимдир бу ҳудудда меҳнат қилади. Бироқ бу борада ҳам бир қатор муаммолар мавжуд эди. Масалан, шу пайтгача мутахассисларнинг пропискани йўқотиб қўйиш қўрқуви сабабли Тошкент шаҳридан бошқа вилоятларга доимий меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун боришни рад этиш ҳолатлари мавжуд эди.

Фармонга мувофиқ, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади. Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган давлат органлари ва ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинади.

– Мен олти йилдан буён Республика онкология илмий марказида шифокор бўлиб ишлайман, – дейди Музаффар Отажонов. – Шу кунгача вақтинчалик прописка орқали Тошкент шаҳрида яшаб келганман. Эндиликда давлат корхоналарида 5 йилдан зиёд ишлаган ходимларга ҳам доимий пропискага ўтиш имконияти берилди. Бу билан бизга катта имкониятлар, қулайликлар яратилди. Ортиқча сарсонгарчиликдан озод бўлдик. Бундан жуда хурсандмиз.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш учун штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу рақамлаштирилади. Солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим этилганда вақтинча рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

Яна бир муҳим янгилик – 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги талаб этилмайди. Эътиборлиси, 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилди.

Мазкур фармон билан прописка тизимининг ислоҳ этилиши республикамизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, ҳар бир фуқаро прописка олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу эса фуқароларимизнинг Конститутцида белгиланган эркинлик ва тенглик билан боғлиқ узвий ҳуқуқларини янада кафолатлаш имконини беради.

Нурилло Насриев, ЎзА