Республикамиз аҳолисини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, шунингдек мева ва сабзавотлардан олинадиган шарбат маҳсулотларига бўлган умумий талабларни белгилаш мақсадида “Ўзбекозиқовқат-холдинг” АЖ, “Ўзстандарт” агентлиги ва тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган “Мева ва сабзавотлардан олинган шарбат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йили 4 мартдаги 119–сонли қарори билан тасдиқланди.

Мазкур техник регламент Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг ТР ЕАЭС 023/2011 “Мева ва сабзавотлардан олинган шарбат маҳсулотлари техник регламенти”, Алиментариус Кодексининг CODEX STAN 247-2005 “Мева шарбатлари ва нектарлари учун умумий стандарт” халқаро талаблари ва Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив хужжатлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, шарбат маҳсулотларига микробиологик, радиологик, токсикологик ва бошқа хавфсизлик талабларни белгилайди.

Қабул қилинган мазкур умумий техник регламент маҳаллий ишлаб чиқариладиган ҳамда импортдан кириб келадиган шарбат маҳсулотларга умумий хавфсизлик талабларини белгилаш орқали истеъмолчиларга хавфсиз ва сифатли мева ва сабзавот шарбат маҳсулотлари етказиб беришда, ишлаб чиқарувчи корхоналар учун муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.