Бугун Сенаторлар томонидан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Қайд этилганидек, мазкур Қонун қонун ҳужжатларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириш ва Қонун нормаларини халқаро талаблар билан, хусусан Халқаро Қонунлаштирувчи Метрология Ташкилотининг D1 “Метрология бўйича қонун элементлари” халқаро ҳужжати (III боб) ва ўлчашлар бирлилигини таъминлаш соҳасидаги асос бўлувчи давлатлараро ҳужжатларнинг қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.


“Метрология тўғрисида”ги амалдаги Қонуннинг кейинги моддалари бир хилда талқин қилинишини таъминлаш учун асосий тушунчалар “давлат метрология хизмати”, “метрологик кузатувчанлик”, “ўлчашлар аниқлигининг кўрсаткичи” каби терминлар билан тўлдирилмоқда. Бундай терминлар киритилиши билан “ўлчаш воситаларини қиёслаш” ва “метрология хизмати” терминларининг таърифи ўзгартирилмоқда.

Бундан ташқари, ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасида фаолият олиб бораётган субъектлар, хусусан давлат метрология хизмати, давлат бошқаруви органларининг метрология хизматлари ва юридик шахслар метрология хизматлари томонидан метрология назоратини ўтказиш ҳуқуқлари белгиланмоқда. Шунингдек, алоҳида моддаларда метрология хизматларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Қонун нормаларини метрология соҳасидаги халқаро ҳужжатлар қоидаларига уйғунлаштириш мақсадида янги “қадоқланган товар” термини киритилмоқда, давлат метрология текшируви ва назорати “қадоқланган товарлар” деб номланган янги объект билан, шунингдек ҳар қандай турдаги ўрамларга қадоқланган товарларни қадоқлаш ва сотишда уларнинг сони устидан давлат метрология назоратини тартибга соладиган янги модда билан тўлдирилмоқда.

Қонунни қабул қилиш натижасида миллий метрология тизимини Халқаро қонунлаштирувчи метрология ташкилоти (МОЗМ), Халқаро тарозилар ва ўлчовлар бюроси (BIPM) каби метрология соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ташкилотлар фаолиятида Ўзбекистон мавқеъни оширади.

Энг муҳими, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон яратади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш, хизматлар хавфсизлигини таъминлашда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда давлат манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдамлашади.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Қонун қабул қилиниши ўлчашнинг ишончсиз натижалари вужудга келишининг ва амалда қўлланилишининг олдини олиш орқали фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўлчаш бирлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқий нормаларни амалга ошириш имкониятини беради.