“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Меҳриддин Раззоқович Абдуллаев ва “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш” (“Ўзстандарт”) агентлиги Бош директори Дилшод Неъматович Саттаров томонидан "Келишув" имзоланди.

Келишувга асосан, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналаридаги конларни қидириш, бурғилаш ва ишлатишда, шунингдек, ишлаб чиқаришдаги кўплаб технология билан яқиндан танишишади ва норматив ҳужжатлар тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, халқаро стандартлар жорий этилган замонавий технология талаблари асосида уйғунлаштирилади.

Нефт ва газ саноатида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш борасидаги келишувга асосан, Агентлик мутахассислари ўрганишлар давомида техник воситаларнинг қиёслов муддатини аниқлайди ва ўлчов воситаларини давлат қиёслов кўригидан ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, профилактика тадбирлари давомида ўрганилган корхоналарнинг раҳбарлари ва мутахассислари соҳага оид қонун ва бошқа норматив ҳужжатлар билан таништирилади.

 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати