“Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари 2016 йилнинг 9-14 сентябр кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти – ISO нинг 39-Бош ассамблеясида иштирок этишди.
Маълумот учун: Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти – ISO га 1947-йил асос солинган бўлиб, халқаро стандартларни ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи энг йирик ва мухим ахамиятли ташкилотлардан бири хисобланади. 163 та давлатларнинг стандартлаштириш бўйича Миллий органлари ISO нинг таркибига киради. “Узстандарт” агентлиги 1993 йилдан бери ISO нинг тўлаҳуқуқли аъзосидир. ISO нинг марказий котибиати Швецариянинг Женева шаҳрида жойлашган булиб, ISO фаолияти даврида 20 мингдан ортиқ стандартларни қабул қилган. Стандартларни яратиш дастури ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, атроф-муҳит, информацион технологиялари каби соҳаларни ўз ичига олади. ISO стандартларни яратиш тизими 3 мингдан ортиқ техник органлар, шунингдек 200 дан ортик ISO техник комитетлардан иборат.
ISO нинг 39-Бош ассамблеяси “Хитой ISO ҳафталиги” ишлари учун платформа бўлиб хизмат қилди. Ҳафталик давомида дунёнинг 160 дан ортиқ давлатидан стандартлаштириш соҳасидаги 700 тадан ортиқ мутахассислар ISO тизими ва хизматлари, маҳсулотларни стандартлаштириш соҳасидаги ривожланишнинг перспектив йўналишларини аниқлавчи мухим масалаларни ўзаро мухокама қилишди.
2016 йилнинг 12-13 сентябр кунлари бўлиб ўтган йиғилишда стандартлаштиришда давлат иштироки, давлатлараро ҳамкорлик, консенсус йўли билан қарорлар қабул қилиниши ва тажриба алмашиш билан боғлиқ бўлган стратегик саволлар кўриб чиқилди. Стандартлаштириш бўйича техник комитетнинг фаолиятида стандартларни ишлаб чиқариш соҳасида IT-технологияларининг замонавий восита сифатида қўлланишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан иқтисодиётнинг юқори технологик доираларида стандартлаштиришни ривожлантириш, шунингдек ҳудудий дастурлар билан боғлиқ юқори перспектив йўналишлари муҳокама қилинди.
“Хитой ISO ҳафталиги” доирасида “Ўзстандарт” агентлиги вакиллари ривожланаётган давлатлар масалалари бўйича қўмита - DEVCO, техник бошқариш Кенгаши йиғилиши, ҳамда очиқ сессияларда иштирок этишди.
ISO нинг 39-Бош ассамблеясида ISO президенти ва ISO Кенгашининг янги таркибини тайинлаш бўйича навбатдаги сайлов бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, ISO нинг янги президенти этиб Канада вакили Жон Волтер танланди.