Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сонли “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2019 йил 30 майдаги ПҚ-4348-сонли «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорлари ижросини таъминлаш, Халқаро Электротехника Комиссияси (IEC) стандартларини қабул қилиш ва жорий этишни янада самарали тизимини шакллантириш мақсадида IEC талабларига мувофиқ “Миллий Электротехника Қўмитаси” (NEC) ташкил этилди.
“Миллий Электротехника Қўмитаси” (NEC)да Ўзбекистон Республикаси Стандартлар институти, “Ўзатом” агентлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, Халқаро қуёш энергияси институти, Ўзинжиниринг республика лойиҳа институти билан биргаликда электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи махаллий ва қўшма корхоналар фаолият юритади.
Жорий йилнинг 17 декабрь куни “Ўзстандарт” агентлигида “Миллий Электротехника Қўмитаси” (NEC)нинг илк йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқаро Электротехника Комиссияси (IEC) халқаро стандартларидан фойдаланиш ва электротехника маҳсулотларини IEC стандартларига мувофиқ ишлаб чиқариш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини ошириш ва техник қўмита олдига қўйилган истиқболдаги режалар муҳокама этилди.