Россия Федерациясида чоп этиладиган етакчи нашрлардан бири – “Московский комсомолец” газетасининг 2019 йил 3 декабрь сонида таниқли журналист Михаил Ростовскийнинг мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларга бағишланган “Ўзбекистон олға илдамламоқда” номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида ушбу мақоланинг таржимаси берилмоқда.

Президент Мирзиёев даври йилномалари: қандай қилиб собиқ Совет Иттифоқи республикалари ичида энг ёпиқ ҳисобланган давлатлардан бири жадал суръатлар билан ривожланаётган мамлакатлардан бирига айланмоқда.

Собиқ СССР маконида Россиянинг ҳар доим ҳам қулай ва тил топишса бўладиган бўлмаса-да, бироқ қудратли ва ишончли ҳамкор ва иттифоқдошлари кўпми? Маълумки, “бўлинмас иттифоқ” 15 та республикани ўз ичига олган. Бироқ юқорида айтилган рўйхатни тузиш учун бизга бир қўлимиз бармоқлари ҳам етади. Москва билан музокаралар чоғида Қозоғистон доимо ўз манфаатларини қатъий ҳимоя қилиб келади, лекин Нурсултон Назарбоев собиқ иттифоқ маконида доимо интеграциянинг бош ташаббускори бўлиб майдонга чиқади. Александр Лукашенконинг Кремлга нисбатан сохта ва ҳақиқий хафагарчилик ва норозиликлари шунчалик одат тусига кирганидан, улар деярли жиддий қабул қилинмай қўйди. Бироқ Москва ва Минскнинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлиги туфайли мана бир неча ўн йиллардан буён беларусь флангидаги чегараларимиз мустаҳкам. Путин ва Арманистоннинг амалдаги раҳбари Никола Пашиняннинг шахсий муносабатларида кўпинча келишмовчиликлар юзага келади. Лекин қўшни Озарбайжон билан кўп йиллик, ҳолдан тойдирадиган даражадаги низога киришган Ереваннинг Россиядан бошқа суянган тоғи йўқ. Бу кичкина рўйхатимизга яна бир давлат қўшилганини маълум қилишдан мамнунман. Бу яқин вақтгача “ёлғиз сайр қилиш”ни афзал билган, Марказий Осиёдаги энг муҳим мамлакат ҳисобланадиган Ўзбекистондир.

f74bc26c39963a20c7a0abfd8008826b.jpg

Самолётимиз ярим тунда Хоразм вилоятининг маркази Урганч шаҳрида қўнишга шайланган вақтда ўзимиз учун вип-зал буюртма қилмаганимга уч карра афсусландим. Учиш вақтида таниш-билишларимиздан ўзбек чегара ва божхона хизматларининг одатлари ҳақида эшитган “қўрқинчли” воқеаларни шерикларим билан муҳокама қилдик ва бир неча соат давом этадиган ҳамда одамнинг тинка-мадорини қуритадиган тинтувга тайёрландик. Лекин қўрқувимиз асоссиз бўлиб чиқди: ҳамма нарса хамирдан қил суғургандек ўтди. Ташрифим сўнггида бу шунчаки бахтли тасодиф эмаслигини тушуниб етдим.

2016 йил кузида мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг, экспертларнинг деярли ҳеч бири бу мамлакатда ҳақиқатдан ҳам муҳим ўзгаришлар рўй беришини мутлақо кутмаган эди. Минтақа бўйича мутахассислар бир овоздан 33 миллион аҳолига эга мамлакатни Каримов режимининг давоми кутмоқда, деб башорат қилди.

Бироқ Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев скептиклар фикрини бутунлай йўққа чиқаришга муваффақ бўлди. Республикада жадал суръатлар билан куни кеча иложсиздек туюлган ўзгаришлар бошланди. Каримов даврида Совет Иттифоқига хос жуда кўплаб жиҳатлар сақланиб қолган эди. Ўзбекистонликлар ўз юртини фақатгина “органлардан” чиқиш визасини олгандан сўнг тарк этиши мумкин эди. Мамлакатнинг миллий валютаси – сўмнинг доимо иккита, бир-биридан фарқ қилувчи айирбошлаш курси, яъни нореал расмий ҳамда қора бозор курси амал қилиб, бунинг учун ҳатто панжара ортига ўтириш ҳам ҳеч гап эмас эди. Ўқув йилининг илк ойларида мактаб ўқувчилари ва талабалар ўқиш билан эмас, далаларда пахта терими билан банд бўларди. Ўша пайтларда бу ерда Совет Иттифоқидаги собиқ қардош мамлакатлар билан миналанган чегара нуқталари ҳам учраб турарди. Мирзиёев даврида бундай эриш ҳолатлар ўтмишда қолди.

Кейинчалик Москвада Ўзбекистоннинг икки Президенти билан ҳам шахсан таниш бўлган Россия амалдорлари билан суҳбатлашар эканман, икки давлат раҳбарларининг хулқ-атвор белгиларида ҳам кескин тафовут мавжудлигига эътибор бердим. Ҳар қандай суҳбатдош билан мулоқот чоғида Ислом Каримов асосан монолог шаклига урғу берар эди. Шавкат Мирзиёев эса музокараларда ўзаро мулоқотга алоҳида эътибор қаратади. Каримов ўта ёпиқ ва босиқлиги билан ажралиб турарди. Мирзиёев эса, аксинча, очиқ табиатли инсон сифатида эътироф этилади.

Бироқ бу ҳолатни чуқур ўрганганим сари, Ўзбекистоннинг икки раҳбарини таққослаш ноўрин эканига бўлган ишончим янада мустаҳкамланарди. Каримовсиз Мирзиёев сиёсий майдонга чиқмаган бўларди. Мамлакатнинг қаттиққўл Биринчи Президенти томонидан асос солинган мустаҳкам сиёсий пойдевор бўлмаганда, иккинчи Президент ҳеч қачон Ўзбекистоннинг бутун дунё ва Россияга очилишига эришолмаган бўлар эди.

Каримов қандай қилиб Ўзбекистонни қутқарган?

«Бинога қарийб 130 метр қолганда, кўз ўнгимизда портлаш юз берди, қандайдир буюмлар ва машина қисмлари ҳавога учди. Президент девонига қайтиш учун машинамни бурдим. Бу бино теракт содир бўлган жойдан 600-700 метр нарида бўлишига қарамай, у ерда ҳам портлаш оқибатида ойналар синган эди. Қўрқувдан ўзини йўқотиб қўйган ва саросимага тушган одамлар кўчага югуриб чиқаётган эди. Ислом Абдуғаниевич уларнинг ёнига бориб, шундай деди: «Хотиржам бўлинглар. Биз бу синовни албатта енгиб ўтамиз...» Ислом Абдуғаниевич портлаш жойига яқин Вазирлар Маҳкамасига қайтишга қарор қилди... Бинога келгач, портловчи моддалар билан тўлдирилган машиналар портлашидан ҳосил бўлган улкан чуқурни, портлаш тўлқинидан синган ойна синиқлари билан жароҳатланган одамлар, қисман вайрон бўлган биноларни кўрдик. Майдонда туриб шаҳарнинг бошқа жойларида турли вақт оралиқларида рўй бераётган портлаш овозларини эшитдик».

87c608315f3a3719681d80583fd5d534.jpg

Ўзбекистон Биринчи Президентининг қўриқчиси Усмон Бердимуродовнинг бу ҳикоясига мен Каримов фондида менга совға қилинган хотиралар китобида дуч келдим.

Албатта, 1999 йилнинг 16 февралида содир бўлган, юқорида зикр этилган бир қатор портлашлар каби драматик ҳодисалар Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларида ҳар куни ҳам юз бермаган. Лекин бир нарсага шубҳа йўқ: 1989 йилнинг июнь ойида Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби лавозимида иш бошлаганида, жуда оғир сиёсий ва иқтисодий меросга эга бўлган эди.

Ўзбекистон Биринчи Президентининг рафиқаси Татьяна Акбаровнанинг дастхати билан менга совға қилинган хотира китобини варақлар эканман, 90-йиллар охири ва 2000-йиллар бошида Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси лавозимида ишлаган эски танишим Шоқосим Шоисломовнинг қуйидаги ҳиқоясини ўқиб қолдим: «1986 йил бошида Москвада ёши 35 ёшдан ошмаган 40 нафар кишидан иборат “ёш кадрлар захираси”ни тузиш ҳақида қарор қабул қилинди. Марказий Комитет ташкилий бўлими инструктори лавозимида ишлаганим учун мен ҳам бу рўйхатга киритилдим. 1986 йил март ойида бизга Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари, Ўзбекистон ССР Госплани раиси билан учрашув бўлиши ҳақида хабар беришди. Олдимизга кўриниши ёш, тик қоматли бир киши чиқди. Бу Ислом Абдуғаниевич Каримов эди. У ортиқча эҳтиросга берилмаган ҳолда, босиқлик билан бизга республика иқтисодиётининг жорий ҳолати ҳақида сўзлаб беришини маълум қилди. Сўнгра, қоғозларга қарамай, бир соату қирқ дақиқа давомида бизни саросимага тушириб қўйган маълумотларни баён қилди. Биз эшитганларимиздан нафақат ўзимизни йўқотиб қўйдик, балки руҳан эзилдик.

Маърузачининг фикрларидан шундай маъно келиб чиқардики, Ўзбекистон деярли барча соҳаларда аҳоли жон бошига нисбатан кўрсаткичлар бўйича собиқ Иттифоқда охирги ўринларни эгалларди. Залга оғир сукунат чўкди. Чўзилиб кетган сукунат туфайли туғилган ноқулайликни енгиш учун, мен гуруҳ бошлиғи сифатида савол бердим: агар Ўзбекистондаги вазият шунчалик оғир бўлса, республика раҳбарияти қаерга қараяпти? Ислом Каримов залга диққат билан қараб: «Мен ҳам буни билишни истар эдим», деди.

Албатта, Ислом Каримовнинг сафдошларини марҳум устозига нисбатан ён босишда гумон қилиш мумкин. Аммо улар томонидан вазиятга берилган баҳо, Каримовга хушомад қилишдан ҳеч қандай фойда кўрмайдиган инсон – Ўзбекистон КП МК биринчи котиби лавозимида ундан олдин ишлаган Рафиқ Нишоновнинг хотираларида ҳам ўзининг тўлиқ тасдиғини топади. Икки сиёсатчи ўртасидаги муносабатлар самимийликдан йироқ бўлган. Ўз хотираларида Нишонов Каримовнинг фамилиясини тилга олмасликка ҳаракат қилади. Аммо у ўзи республика раҳбари лавозимини эгаллаган қисқа – яъни бир ярим йиллик даврда Ўзбекистондаги вазиятга берган таърифининг ўзи яққол баҳодир: «Ишларнинг ҳолатини таҳлил қилар эканман, мен ҳар жабҳада таназзул изларини кўрардим. Муаммолар қалашиб кетган, бошни чангаллашдан бошқа илож қолмаган эди».

Афсуски, ушбу муаммолар фақат Ўзбекистон иқтисодиётидагина тўпланиб қолмаган эди. СССР ҳукм сурган сўнгги йилларда сиёсий беқарорлик тўлқинлари барча республикаларни тўла қамраб олган эди. Ўзбекистон ушбу тўлқинлар олдида ниҳоятда ҳимоясиз қолди. Республиканинг сиёсий элитаси маънан эзилган, тушкунликка юз тутган эди. «Ўзбек иши» деган сохта кампания баҳонасида олий бўғин раҳбарлари қамоққа олинар эди. 1989 йилда яқиндагина Министрлар Советининг раҳбари бўлган шахс ҳам, республика партия Марказкомининг собиқ биринчи котиби ҳам қамоқда сақланаётганини айтишнинг ўзи кифоя. Ўша пайтларда биронта собиқ иттифоқ республикасида бундай оғир вазият кузатилмаган. Тобора кучайиб бораётган сиёсий бўшлиқ, ижтимоий ҳимоясизлик, аҳоли сонининг кескин ортиб бориши ва диний экстремистлар таъсирининг ортиб бориши Ўзбекистонда носоғлом кучларнинг зўравонлиги юзага келиши учун шарт-шароитлар яратиб берди. Ана шундай зўравонлик ҳолатлари содир бўлди ҳам.

Рафиқ Нишонов Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг партия раҳбари лавозимига тайинланишидан бир неча кун олдин содир бўлган воқеаларни шундай тасвирлайди: «3 июнь кечки пайт меҳмонхонада ҳаётимдаги энг даҳшатли қўнғироқлардан бири чалинди. Менга Фарғонадан телефон қилиб, Тошлоқ, Комсомольский посёлкаларида, Марғилон шаҳрида жанжал-тўполонлар содир бўлаётгани ҳақида хабар қилишди. Бир неча соатлардан бери месхети турклар қирғини давом этар эди. Уюшган ёшлар тўдалари уйларга бостириб кирар, талончилик, зўравонлик қилар, ёвузларча одам ўлдирар, уй-жойларга ўт қўяр эди. Босқинчилик «Турклар, Ўзбекистондан йўқолларинг» деган ҳайқириқлар билан давом этар эди. Бир кун ўтгач, СССР ички ишлар вазири Вадим Викторович Бакатин билан бирга Фарғонага жўнаб кетдим. Бакатин билан бирга талофат етган туманларни кўздан кечирар эканмиз, йўлда юк машинасига чиқиб олган йигитларни учратар эдик, улар қўлларида таёқ, монтировка, ёнадиган моддали бутилкалар ва ҳатто қурол ҳам тутиб олган эди. Ҳолбуки, энг хавфли участкаларга ички ишлар жангчилари қўйилган эди».

СССР тарқалган пайтда Ўзбекистон учун сиёсий нуқтаи назардан айниқса ўта инқирозли вазият вужудга келди. 1991 йил декабрида расмий давлат тузилмалари аҳоли сони бўйича Ўзбекистонда иккинчи шаҳар ҳисобланадиган Наманганда вазиятни қўлдан бой берди. Ҳокимият амалда ўзини «амир» деб эълон қилган 23 яшар Тоҳир Йўлдошев бошчилигидаги радикал ақидапарастлар қўлига ўтди. Эшитишимга қараганда, Каримов дарҳол Наманганга учиб келган, мутаассиб тўда марказига кириб борган, Йўлдошевнинг қўлидан микрофонни тортиб олган ва «Одамлар, ишонманг!» деб қичқирган экан. Ўзбекистон Президенти кам сонли қўриқчилари билан «Як-40» самолётида экстремистлар эгаллаб олган шаҳарга етиб келиб, аҳоли ва радикал оқим етакчилари билан музокарага киришган ва сиёсий жиҳатдан устунлиги билан аста-секин уларни енгган.

Мўъжиза туфайли сақланиб қолган, ўша воқеалар муҳрланган видеоёзувлардан кўринадики, Ислом Каримов Тоҳир Йўлдошни «ука» деб атайди ва экстремистлар билан вазмин оҳангда мулоқот қилади. Ўйлайманки, унинг суҳбатдошлари кейинчалик ушбу давомли суҳбатни кўп эслашган бўлса керак.

Расмий Тошкентнинг яширин экстремистлар билан кураши узоқ ва машаққатли кечди. Аммо Каримов куч ишлатишни сиёсий воситалар билан ҳамоҳанг олиб бориш орқали нафақат ўз юртида, балки бошқа ҳудудларда ҳам вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди. Ўрта Осиёдаги беқарорликка қарши курашда Ўзбекистон Биринчи Президентининг роли ҳақида Россия Фанлар академияси Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро алоқалар институтининг Яқин Шарқ тадқиқотлари маркази раҳбари Ирина Звягельская шундай дейди: «СССР таназзулга юз тутиб, Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангач, расмий Москва аввалига бу воқеага аралашишни истамади. Россиянинг раҳбар доираларида, ушбу собиқ совет республикасида демократлар коммунистлар билан жанг қилаяпти, деган қараш ҳукмрон эди.

Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Ўзбекистон Президенти Ельцинга мухолифатнинг аксарияти ҳеч қандай «демократ» эмас, балки ҳақиқий ақидапараст эканини тушунтира олди. Шундан сўнг Тожикистонда жойлашган, Москвага бўйсунувчи 201-чи дивизия экстремистлар билан кескин жангга киришди. Каримов туфайли Марказий Осиёда «домино» эффектининг олди олинди. Минтақани тўлиқ беқарорлаштириш хавфи йўқолди».

Ўзбекистоннинг Биринчи Президентидан миннатдор бўлиш учун, ўйлайманки, шунинг ўзи ҳам етарли. 2016 йил сентябрида Ислом Каримов вафотидан сўнг Владимир Путин у ҳақда шундай деган эди: «У менга хайриҳох муносабатда эди. Ислом Абдуғаниевичнинг ёши мендан каттароқ эди, шу сабабли шахсий мулоқот пайтида у менга исмимни айтиб, «сен» деб мурожаат қиларди. Бунда аллақандай самимият, инсоний яқинлик ва илиқлик бор эди».

Ислом Каримов Ўзбекистонда барпо этган режимнинг камчиликларини тўлиқ англаган ҳолда, мен нима сабабдан Путин у билан шунчалик таъсирчан, чин кўнгилдан видолашганини тушунгандайман.

Янги давр кунлари

Ўзбекистоннинг иккинчи Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсат майдонида биринчи марта пайдо бўлиши 1991 йилга бориб тақалади. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Олий Совети Ислом Каримовга тўлиқ садоқатли эмасди. Парламент сессияларидан бирида бир гуруҳ мухолифатчилар ўзига хос пинҳона фитна уюштиришга – Президентни ўз лавозимидан бўшатишга ҳам уриниб кўрадилар. Каримов ҳақидаги хотиралар китобида қайд этилишича, ўша пайтда Олий Советда Мандат комиссияси раиси лавозимида фаолият юритган Шавкат Мирзиёев исёнчиларга “кескин зарба берганлардан” бири бўлган.

Кейинги йилдан бўлажак Президентнинг Ўзбекистон ижро ҳокимияти тизимида хизмат пиллапояларидан бир текис, айни дамда тез суръат билан ўсиш даври бошланади. Аввалига у Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг биринчи проректори лавозимидан пойтахт туманларидан бирининг раҳбари вазифасига тайинланади. 1996 йилда Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокими даражасига кўтарилади. 2001 йилда Самарқанд вилоятига айни шундай лавозимга тайинланади. Ва ниҳоят, 2003 йилда бўлғуси Президент республика Бош вазири этиб тайинланади.

Дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳукумат раҳбари лавозими – энг асосий ва муҳим лавозим саналади. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Лекин унинг мустаснолиги шунда эдики, Каримов даврида Бош вазир ўзининг сиёсий хусусиятларини оммавий намойиш этиш ҳуқуқига ҳам, имконига ҳам эга эмасди. Ўша йиллари Тошкентга ташриф буюрган Москванинг юқори мансабдорлари менга ҳатто ёпиқ музокараларда ҳам республика Бош вазири олдиндан тайёрлаб қўйилган матнни ўқиб беришга мажбур бўлгани ҳақида сўзлаб беришган эди.

2016 йилда Ислом Каримов вафотидан сўнг Шавкат Мирзиёев ўзининг сиёсий салоҳиятини яққол намоён этиш имкониятига эга бўлди. У аввалига Президент вазифасини бажарувчи, сўнгра халқ томонидан Ўзбекистон Президенти этиб сайланади.

Давлат раҳбари сифатидаги қатъий позициясини билиш мақсадида Шавкат Мирзиёевнинг сўнгги баёнотларидан бирини олайлик: “Биз халқимизни рози қилишимиз, халқ билан, инсонлар билан бевосита мулоқотда бўлишимиз керак. Бугун ҳеч кимнинг кечагидек ишлашга ҳаққи йўқ. Маҳдудлик, коррупция, ошна-оғайнигарчилик ишга ҳеч қандай ёрдам бермайди... Шаҳар ва туманларнинг кўпгина ҳокимлари эскича услубда ишлашни давом эттиришни хоҳлайди. Агар улар халқни рози қилмаса, уларнинг оёғи ердан узилган бўлса, билингки, биз уларни ишдан бўшатишга мажбур бўламиз... Токи ҳаёт бор экан, биз орзу қилишдан, мақсадимиз сари олға боришдан тўхтамаймиз. Бироқ сен раҳбар сифатида халққа хизмат қилишга бел боғлаган экансан, ишга путур етказадиган барча масалаларни орқага ташлашинг керак... Битта нотўғри босилган қадам оёғимизга кишан бўлади, игна билан қудуқ қазигандек қийинчилик билан эришган обрўйимизга катта зарар етказади”.

Горбачёв ва Ельциннинг кўплаб баландпарвоз, бироқ ҳаёт воқелигига тўғри келмайдиган нутқлари россияликларда “халққа хизмат қилиш” мавзусидаги қуруқ гапларга нисбатан маълум бир истеҳзо кайфиятини пайдо қилган эди. Бироқ Шавкат Мирзиёев ўзбек амалдорлари учун бутунлай янги бўлган сиёсий маданиятни сингдиришга ҳаракат қилган ҳолда, фақатгина “ишдан бўшатиш” билан пўписа қилмаяпти. У шахсан ўзига яқин бўлган кишилар ҳақида гап борганда ҳам ушбу ваъдасини бажаради. Бўлажак Президент Самарқанд вилояти ҳокими бўлган даврларда профессионал иқтисодчи бўлган Зоир Мирзаев молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган эди. Бир неча йилдан сўнг Мирзаев анча кўтарилиб кетади. У Каримов томонидан Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланади. Кейинчалик янги Президент Мирзиёев эса унга қишлоқ ва сув хўжалиги вазири – Бош вазир ўринбосари лавозимини ишониб топширади.

Президентнинг доимо эътиборида бўлиб келган бу кадрнинг карьераси 2018 йил октябрга келиб тўсатдан тўхтаб қолди. Зоир Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига текширув ташрифи чоғида буғдойни суғориш сифатидан кўнгли тўлмайди. Бош вазир ўринбосари “бепарво қишлоқ хўжалиги ходимларини тарбиялаш” мақсадида уларнинг олти нафарига сув билан тўлдирилган ариққа тушиб, оғир тошларни кўтарган ҳолда, қатор бўлиб туришни буюради. Олдинги мезонларга кўра, бу хатти-ҳаракатда ҳеч бир уятли, ҳатто эътиборга лойиқ нарса йўқ. Совет даврида олий мартабали бошлиқлар кўпчиликнинг олдида қўл остидагиларни нафақат ҳақоратлаш, балки бюрократик тил билан айтганда, уларга нисбатан “жисмоний чоралар кўриш”га ҳам одатланиб қолган эди. Бироқ ариқ ва тошлар билан боғлиқ воқеа бошқача якун топади. Воқеа акс этган фотосурат Интернетда пайдо бўлганидан сўнг Президент Мирзаевни ўз вазифасидан бўшатади.

Қарийб бир йил давомида олис бир туман ҳокими лавозимида ишлаган Зоир Мирзаев “сиёсий жиҳатдан обрў-эътиборини тиклайди”: вилоят ҳокими вазифасига тайинланади. Бу Шавкат Мирзиёев кек сақламаслигидан ва хатога йўл қўйган қўл остидаги ходимларга иккинчи бор имконият беришга тайёр эканидан далолатдир. Бу Ўзбекистон Президенти мамлакатни модернизация қилишга киришганидан сўнг дуч келган тизимли муаммо – малакали, ишончли ва янгича бошқарув кадрлар танқислигининг кўриниши эди. Бу ҳолат айниқса кўпроқ куч тизимларига тааллуқли эди. Шавкат Мирзиёев уларнинг хулқи ҳақида гапирганда, “Прокурорлар – энг асосий ўғрилардир!” деб тортинмай айтади. Кези келганда, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг иккита бош прокурори қамоқда эканлигини айтиш жоиз. Рашид Қодировга коррупция ва хизмат бурчини суиистеъмол қилганлик учун ўн йил, Ихтиёр Абдуллаевга – жиноий тўдани ташкиллаштиргани учун ўн саккиз йил қамоқ жазоси белгиланди. Шуниси қизиқки, 2018 йилда прокуратурадан кетиб ҳибсга олингунга қадар Абдуллаев бир йилдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистоннинг асосий махсус хизмати – Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимида фаолият юритган.

Шу йилнинг кузида Ўзбекистонга уюштирган биринчи ташрифимдан кўзланган мақсад – мамлакатнинг маданий ва тарихий диққатга сазовор жойларини кўриш эди. Уларни таърифлашга тил ожиз. Ўрта аср шаҳри бўлмиш Хива ва унинг миноралари, кошона ва карвонсаройлари ажойиб тарзда сақланган. Уни “Минг бир кеча” эртагига қиёслаш мумкин. Қорақалпоғистоннинг қадимий қалъалари кишини йўқолиб бораётган цивилизациялар ҳақида фикр юритишга ундайди: ушбу азим иншоотлардан айримларининг ёши икки ярим минг йилдан ошади. Самарқанднинг Ислом Каримов номидаги марказий проспектидан бурилиб, шаҳарнинг тор кўчаларига кириш мумкин. Тарихий Бухоронинг бетакрор муҳитини, бу гўзал масканни тарк этиш нечоғлик оғир бўлганини ифодалаш мушкул. Буларнинг бари ташриф чоғида қалбимда хуш кайфият уйғотди.

Шу билан бирга, мен Ўзбекистонда жадал суръатлар билан модернизация жараёни кетаётганининг ҳам гувоҳи бўлдим. Бир томондан, Шавкат Мирзиёев уч йиллик раҳбарлиги давомида анча кўп ишлар амалга оширилган. Кўплаб кераксиз тўсиқларнинг бекор қилиниши туфайли республикада мутлақо бошқача муҳит шаклланмоқда. Мамлакат пойтахти Тошкент улкан қурилиш майдонини эслатади. Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари хорижий сайёҳлар билан гавжум. Бошқа томондан эса, Ўзбекистон олдида ҳали амалга оширилиши керак бўлган кўп ишлар тургани кўриниб турибди.

Президент Мирзиёев тез орада Ўзбекистон пахта йиғими механизациялашга ўтишини ваъда қилди. Бироқ бизнинг ташрифимиз пайтида далалар пахтани эскича усулда – қўлда тераётган хотин-қизлар билан тўла эди. Урганчдан Бухорогача автомобилда 420 километрлик саёҳатимиз давомида йўлнинг айрим қисмлари дунёнинг энг обод шосселарига ўхшар, баъзи қисмлари эса ўнқир-чўнқирлар билан тўла эди.

Шавкат Мирзиёев олдида турган вазифанинг қанчалик мураккаблигини ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган "Валдай" халқаро мунозара клубининг Осиё конференциясида англадим. Клуб қоидаларига кўра, ким нима деганини сўзма-сўз айтиб беришга ҳаққим йўқ. Шунинг учун сизларга фақатгина менда чуқур таассурот қолдирган россиялик эксперт нутқининг мазмунини етказаман. Иқтисодий модернизациянинг якуний мақсади нимадан иборат? Тўппа-тўғри, иқтисодиёт юксалишининг энг юқори суръатларини имкон қадар генерация қилишдан. Бироқ Шарқнинг баъзи давлатларидаги ислоҳотлар тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодиётнинг жадал ривожланиши доим ҳам мамлакатдаги умумий ҳолатни яхшилашнинг калити бўла олмайди. Меҳнат унумдорлигининг ошиши иш ўринларининг бўшашига олиб келади. Ишсизлар эса экстремистик кайфиятнинг кучайиши учун идеал муҳитни шакллантиради. Шу сабабли нафақат иқтисодиётнинг юксалишини кўзлаш, балки иқтисодий юксалишни ижтимоий барқарорликни сақлаш билан уйғунлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон учун бундай эҳтиёткор ва пухта ўйланган ёндашув мутлақо зарур ҳисобланади. Республика аҳолиси сонининг ўсиши борасидаги статистикага назар ташласак: 1950 йил – 6,3 миллион; 1991 йил – 20,7 миллион, 2019 йил – 33,5 миллион. Таъкидлаш жоиз, улардан икки миллионга яқини Россияда яшаб, меҳнат қилади. Ислом Каримов уларга нисбатан салбий муносабатда эди. Шавкат Мирзиёев эса бу масалага прагматик ёндашади. Россиялик хабардор мансабдор шахсларнинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев бу масаланинг ҳозирги ҳолати Ўзбекистонда иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни сақлаш учун катта мадад эканини яхши тушунади. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгач, расмий Тошкентнинг Москвага нисбатан муносабати мутлақо ўзгарди. Ислом Каримов даврига хос эҳтиёткорлик ва ўзини йироқроқ тутишга ҳаракат қилишдан воз кечиб, яқин алоқаларни тиклаш вақти келди.

Тўғрисини айтганда, "тиклаш" сўзи бу ерда ноўрин бўлса керак. Аслида тиклайдиган ҳеч нарса йўқ. Ахир Совет Иттифоқи пайтида содир бўлган воқеалар СССРда қолди. Шунинг учун Россия – Ўзбекистон ҳамкорлигининг мутлақо янги асоси пайдо бўлди, десак, тўғрироқ бўлади. Лекин очиғи, "янги асос" қандай бўлиши ҳали номаълум. Ҳозирга пайтда Москва – Тошкент муносабатларида барчани энг кўп қизиқтирадиган савол – Ўзбекистон ОДКБ, яъни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти мудофаа блокига ва ЕвроОсиё иқтисодий кенгашига аъзо бўладими ё йўқми? Москва воқеаларнинг бундай ривожидан манфаатдорлигини яширмайди. Мен буни тушунаман, ҳатто қўллаб-қувватлайман, бироқ бир шарт билан. Каримов даврида Ўзбекистон икки маротаба КХШТга аъзо бўлган ва аъзоликдан чиққан. Бу борада ЕвроОсиё иқтисодий кенгаши ўтмишдошининг кўпроқ омади келди: унга нисбатан "кириш-чиқиш" операцияси бир маротаба амалга оширилган. Буларнинг барчаси салбий бир воқеликни акс эттиради, унинг қайтарилишига эса ҳеч ҳам йўл қўйиш керак эмас.

Агар Марказий Осиёдаги энг кучли давлат – Ўзбекистон Россия шафелигидаги интеграцион тузилмаларга қайтса ҳам, бунинг сабаби Тошкентнинг Москванинг "кўнглини кўтариш" истаги эмас, балки бундай қадам мамлакат манфаатларига тўлиқ мос келишини англаши бўлади. Воқеаларнинг бундай ривожи муқаррар эмас, аммо юз бериши мумкин. Албатта, кўплаб масалаларни, айниқса хавфсизлик соҳасидаги масалаларни Москва ва Тошкент икки томонлама муносабатлар доирасида ҳам ҳал этиши мумкин. Бироқ иқтисодиёт ҳақида сўз борганида, муносабатлар доираси жуда тор ва кичик бўлиб қоладигандек туюлади... Мисол учун, Ўзбекистон ўзи учун йирик Россия бозорини очиш тарафдори. Аммо Россия ЕвроОсиё иқтисодий кенгаши аъзосидир. Шу сабабли у баъзи масалаларни иқтисодий кенгашнинг бошқа аъзолари билан маслаҳатлашмасдан ўзи ҳал қила олмайди. Келинг, подадан олдин чанг чиқармайлик. Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев тез-тез ва яқин мулоқот қилиб туради. Ишонаманки, улар ўзаро манфаатли бир қарорга кела олади.

Самарқанддан Тошкентга тезюрар поезд деярли жўнаб кетишидан аввал, мен Ислом Каримовнинг иш кабинетига кира олиш имкони борлигини билиб қолдим. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан сўнг, Ўзбекистон Биринчи Президентининг ишчи қароргоҳини музейга айлантириш ҳақида қарор чиқарди, ўзи эса вақтинчалик Сенат биносида жойлашди. Кеч тушаётганига қарамасдан, қароргоҳни кўришга бўлган иштиёқимни сезиб, қабул қилувчи томон менга Ислом Каримовнинг иш кабинетини кўрсатишга ҳаракат қилди. Ниҳоят, менинг олдимда Тошкент марказидаги Оқсарой қароргоҳи дарвозалари очилди. Тўғри, саройни тўла кўздан кечиришга муваффақ бўлолмадим: Ўзбекистон Биринчи Президентининг ортиқча ҳашамлардан холи иш кабинетида ҳам, унинг ўзбек тилида бемалол гаплаша оладиган ёрдамчиси Георгий Крайнов кўп йиллар давомида ишлаган қабулхонада ҳам экспозицияни монтаж қилиш ишлари олиб борилаётган экан.

Эртасига худди шундай воқеа Ўзбекистон давлат санъат музейида содир бўлди. Музей биносига гўзаллик ва нафосатга ошно бўлиш ниятида яқинлашганимда, эшикдаги "қайта таъмирлаш учун ёпилган" деган ёзувга дуч келдим. Аввалига бироз ранжидим, аммо кейин аслида омадим келганини тушундим. Энди менинг Тошкентга яна сафар қилишимга сабаб бор – келиб Ислом Каримов мемориал мажмуасини, санъат музейини ҳамда айни вақтда Алишер Усмонов томонидан қурилаётган муҳташам Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам қиёфасини кўришим мумкин.

СССР парчаланганидан кейин ўтган чорак аср давомида россияликлар Тошкент нон шаҳри эканлигини унутгани йўқ, бироқ бу "нон шаҳри" улар учун кўп жиҳатдан ёпиқ эди. Энди эса Тошкент яна барчага ўз эшикларини очмоқда.

Михаил РОСТОВСКИЙ
ЎзА