Одатда бозор ёки дўконда маҳсулот харид қилаётганимизда биринчи навбатда унинг нархига эътибор берамиз. Бироқ айрим ҳолатларда нархидан ҳам кўра синалган, анча вақтдан бери фойдаланиб келаётган озиқ-овқат маҳсулотларни танлаймиз. Шу ўринда савол туғилади: олиб истеъмол қилаётган маҳсулотларимизнинг сифати ва таркиби қанчалик талабга жавоб беради? Кейинчалик соғлигимизда муаммолар юзага келмаслиги учун нималарга эътибор бериш керак?

Совуқ кунлар кириб келиши билан оила даврасида кечалари ўтириб пишириқлар билан чой ичишда ёки эрталаблари нонушта вақтида тез-тез дастурхонимизда кўриниш берадиган маҳсулотлардан бири қуюлтирилган сут ҳисобланади. Универсал саналувчи ушбу ширин масса пазандаликда кўп ишлатилади. Чойга қўшиб ичишнинг ҳам завқи бошқача. Табиийки, аксариятимиз азалдан сақланиб қолинган анъанага кўра мана бундай идишдаги қуюлтирилган сутни танлаймиз:

Аммо унутмаслик керакки, маҳсулот узоқ вақт давомида синалган бўлса-да, бугунга келиб уни ишлаб чиқарувчилар сони ой бўлмаса ҳам, йил сайин ортиб бормоқда. Номлари ҳам турфаки, баъзан адашиб кетмасликнинг иложи йўқ. Айни ўринда идишни синчиклаб кўздан кечириш талаб қилинади. Бунинг устига, пештахтада ёки бозор растасида турган маҳсулотнинг фақат нархи ёки савдо белгисига қараб олишга ўрганган бўлсангиз, вазифа икки баравар қийинлашади. Нархи қанча баланд бўлса, сифати ҳам шунақа, деган қоида барча жойларда ҳам иш бермаслиги мумкинлигини унутманг.

Қуюлтирилган сут нималардан таркиб топишини ҳаммамиз жуда яхши биламиз – сут ва шакар. Аммо замонавий ишлаб чиқарувчилар мазкур қоидага амал қилишяптими? Келинг, аввало қуюлтирилган сутга қўйиладиган асосий талабларни кўриб чиқамиз:

Давлат Стандарти (ГОСТ) билан тасдиқланган

Пастеризацияланган яхлит сигир сути - 88%

Шакарли сироп - 12%

Стандарти

  • Ёғлилик даражаси - 8,5%
  • Намлик - 26% дан кўп эмас
  • Шакар - 43,5% дан кам эмас
  • Кремли тусга эга оқиш ранг
  • Қуюқ, бир текис аралашма
  • Табиий қаймоққа ўхшаш ширин таъм
  • Сақлаш муддати - 0 дан 10 даража ҳароратгача 12 ой (темир идишда), пластмасса идишда 3-4 ой.

Таркибида нималар бўлмаслиги шарт?

  • Ўсимлик оқсиллари
  • Ўсимлик ёғлари
  • Қуюқлаштирувчи моддалар
  • Бўёқлар (шу жумладан Titanium dioksid)
  • Ширин таъм берувчилар
  • Спора, замбуруғлар
  • Ташқи қават, қопқоқ ва тубидаги нотекис шакл
  • Банкадаги бўйлама темир чокларнинг занглаган доғлари ва нуқсонлари.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, қуюлтирилган сут энг кўп қалбакилаштириладиган маҳсулот саналади. Бугунги кунда текширилса, у нафақат Titanium dioksid каби бўёқлар, балки 100% пальма ёғидан ҳам иборат бўлган ҳолатлар учраб туради. Бундан ташқари, аксар ишлаб чиқарувчилар ўзлари «яратган» массани «қуюлтирилган сут», деб аташдан ҳам уялишмайди.

«Шакарли қуюлтирилган сут ишлаб чиқаришда тозаланган деодоризед пальма ёғидан фойдаланиш берилган таркибий ва механик хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради, шунингдек, уларнинг яроқлик муддатини узайтиради», деб билишади.

Бошқа бир ишлар чиқарувчилар эса: «шакарли қуюлтирилган сут ишлаб чиқаришда қуруқ сут ва ўсимлик ёғлар ишлатиш сут етишмовчилиги ҳамда маҳсулот таннархини камайтириш каби муаммоларни ҳал қилади», деб таъкидлашади.

Қандай важларни келтиришларидан қатъий назар ишлаб чиқарувчилар маҳсулот идишида таркиб нималардан иборатлигини ҳаққоний кўрсатишса ҳам майли эди.

Қуюлтирилган сут ишлаб чиқаришда қуруқ сут, қаймоқ, маслянка, шакар ва сут шакар (лактоза), сувга рухсат берилган. Бошқа ҳеч нарса таркибдан ўрин олмаслиги керак.

Агар қадоқда ўсимлик ёғи, қуюқлаштирувчи моддалар ва бошқа кимёвий қўшимчалар кўрсатилса, бу қуюлтирилган сут ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, маҳсулот «Шакар билан қуюлтирилган тоза сут» (Молоко цельное сгущенное с сахаром) ёки «Молоко сгущенное с сахаром» деб ёзилиши керак. Агар қадоқда «Қуюлтирилган сут» (Молоко сгущенное), «Махсус қуюлтирилган сут» (Молоко сгущенное особое), «Қуюлтирилган сутча» (Сгущенка), «Қайнатилган қуюлтирилган сут» (Вареная сгущенка), «Қайнатилган сут» (Варенка), деб ёзилган бўлса, бу 100% ҳақиқий тоза маҳсулот саналмайди.

Кўпинча сиз қуюлтирилган сут, деб ўйлайдиган масса таркибидаги пальма ёғи турли соуслар орқали маскировкаланган бўлади: пальма ёғи, кокос ёғи, ўсимлик ёғи, сутли ёғ муқобили кабилар.

Хўш, нега корхоналар пальма ёғи ёки унинг ўрнига яшириб ёзиладиган моддалардан фойдаланишади?

Анъанавий усулда қуюлтирилган сутни тайёрлаш — қиммат ва узоқ жараён, чунки тоза сигир сути жуда тез айнийди. Кўпгина ишлаб чиқарувчилар қуруқ сут кукунини олиб одатдагидек кўпиртириш учун кўпинча пальма ёғи қўшишади.

Ахир, пальма ёки кокос ёғи табиий ёғларнинг арзон ўринбосари. У узоқ вақт давомида яхши сақланади, аммо мутлақо фойдали эмас, мазкур ёғнинг доимий истеъмол қилиниши жиддий касалликларга олиб келиши мумкин.

Афсуски, бундай паст сифатли қуюлтирилган сут табиийсидан фарқ қилмайди. Бунинг учун, юқоридаги айтилганидек, таркибини яхшилаб қараш лозим.

Пальма ёғи кулранг бўлгани сабабли қуюлтирилган сут рангини олиши учун бироз оқартириш керак. Жараёнда Titanium ёғ упаси ёки Titanium диоксит (E171) ёрдам беради. Мазкур бўёқ ноорганик пигмент, таъми ва ранги бўлмаган оқ кукун. Каучук, бўёқ ва бўёқ материаллари, қоғоз ишлаб чиқаришда пигмент ва тўлдирувчи сифатида ишлатилади.

Бундан ташқари, қуюлтирилган сутни сунъий қуюқлаштириш учун модификацияланган крахмал қўшилиши мумкин, лекин у маҳсулот таъмини бузади. Шунинг учун, ароматизаторлар, ширин таъм берувчилар, шакар муқобили ва карбоксиметилселлюлоза қўшилади. Бундай қуюлтирилган сут ишлаб чиқарувчига арзонга тушади, кўриниши ва таъми эса табиийси бир хил бўлади. Шундай экан, таркибида ўсимлик ёғи ёки унинг ўрнини босувчи бирор қўшимча тилга олиниб ёзилган маҳсулотни харид қилмаслик тавсия этилади.

Маҳсулотни танлаш борасидаги қарашларингизни қайта кўриб чиқиш ҳам саломатлигингиз, ҳам иқдисодингизга фойда бўлишини унутманг. Ҳар сафар дўкон ёки бозордан харид қила туриб, қадоққа қараб чиқишни унутманг.

Мадина Нурманова

Kun.uz