Полвонлар беллашиб баҳс майдонида
Шоҳсупада мағрур қад керган чоғи, -
Ватан мадҳи янграб ғолиб шаънига,
Бош узра юксалар Ватан байроғи.

Эл-юрт тақдирига дохил арбоблар
Оғиз бириктиргач анжуман қуриб,
Қўл бериб аҳд этар мудом ҳар бобда,
Ватан байроғининг ёнида туриб.

Онадан дунёга келиб, оқибат
Ватан тупроғига кетар ҳар башар.
Ватан байроғию она рўмоли
Бош узра ҳилпираб турса ярашар.

Шундай бир одат бор: отланар экан
Ватанни ҳимоя этмоққа агар,
Отаю онасин дуосидан сўнг
Юрт байроғин ўпар аскар йигитлар.

Қалам ҳам забт этмоқ бобида илло,
Аскар қуролидан асло эмас кам.
Шу боис тиз чўкиб, чин ихлос ила
Юртим байроғини ўпаман мен ҳам

Заранг оғочидан унинг дастаси,
Матоси ўзбегим оридан бунёд.
О, юртим байроғи, кўнглим нашъаси,
Ҳилпираб туравер турганча дунё!
 
Саъдулла ҲАКИМ
ЎзА