Жорий йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Туркия давлатининг Анталия шаҳрида Стандартлаштириш бўйича минтақалараро Уюшмаси (МАС), Стратегия ва бизнесни ривожлантириш кенгашининг 5-йиғилиши ва “Халол сертификатлаштириш, ИСО/МЕК 17025 стандарти” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди. Халқаро тадбирда 30 дан ортиқ давлатларнинг стандартлаштириш, мувофиқликни бахолаш ва аккредитация сохасидаги экспертлари иштирок этди.
Ўтказилган тадбирларда стандартлаштириш ва мувофиқликни бахолаш соҳаларида фаолиятни такомиллаштиришга қаратилган масалалар, халол стандарти талаблари асосида сертификатлаштириш ва синов жараёнларини амалга ошириш, синов лабораторияларини аккредитация қилишда ИСО/МЕК 17025 стандарти талаблари, “ҲАЛОЛ” индустрияси шарт ва талабларини яхши ўрганган технологлар ва тиббиёт-санитария йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш, “Стандартлаштириш бўйича минтақалараро Уюшмасининг Сифат бўйича мукофоти” танловига оид масалалар муҳокама этилди.
Тадбир доирасида Турк стандартлари институти (TSE) бош котиби Айкут Кирбаш (Aykut KIRBAŞ) ва “Ўзстандарт” агентлиги бош директори ўринбосари Жасур Шукуров раҳбарлигидаги делегация аъзолари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича учрашув ўтказилди.
Дўстона ва очиқлик руҳида ўтган учрашув натижасига кўра, “Ўзбек Турк Тест маркази” қўшма корхонасининг енгил саноат маҳсулотларини синаш лабораториясига инвестиция жалб этиш, синов ўтказиш лабораториясини модернизация қилиш ва ходимларни малакасини оширишга келишилди.