Янги қонун 
Она сути – гўдак учун табиий ва энг мақбул озиқа ҳисобланади. Кўкрак сути таркибида чақалоқ соғлом униб-ўсиши ва организмининг ривожланиши учун зарур бўлган барча элементлар мавжуд.
Бундан ташқари, она сути таркибидаги тоуринг моддаси боланинг ақлий салоҳияти шаклланиши, яъни бош мия ривожланишида муҳимдир.
Тиббиётда исботланган статистик таҳлилларга кўра, она сути билан озиқлантириш ҳар йили дунёда 20 минг аёлнинг кўкрак саратони ёки тухумдон саратони туфайли ҳаётдан кўз юмишининг олдини олишга ёрдам беради. Қолаверса, кўкрак сути билан озиқланаётган болалар сунъий сутли аралашмалар истеъмол қилаётган тенгдошларига нисбатан анчагина соғлом ўсади.
Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, болаларни она сути билан озиқлантиришни тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 23 октябрь куни имзолаган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонун болаларни тўғри озиқлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос яратди.
Қонунда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш соҳасидаги Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатлари белгиланди.
Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни она сути билан озиқлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида маданий-кўнгилочар муассасалар, шунингдек, автовокзал, аэропорт ва темир йўл вокзалларида махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши кераклиги белгиланди. Қолаверса, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар, шунингдек, рекламани тайёрловчилар ва тарқатувчилар фаолиятига оид чекловлар ўрнатилди.
Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишмасдан гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланишига доир илмий тадқиқотларни молиялаштиришга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар тўғрисидаги рекламаларни оналар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида тарқатиш тақиқланади. Гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларини тегишли сақлаш шароитларига эга бўлмаган ҳамда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена талабларига мувофиқ бўлмаган жойларда реализация қилишга йўл қўйилмайди.
Қонунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг ўровига (идиши) ҳамда уларни тамғалашга доир, шунингдек, идишчаларни ва сўрғичларни тамғалашга оид талаблар ўз аксини топган.
Умуман олганда, ушбу қонун талабларига риоя этилиши, шунингдек, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария ҳолати, сифати ва хавфсизлиги устидан давлат назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан амалга оширилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур қонун миллат генофондини сақлашга, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга хизмат қилади.
 
Орал АТАНИЯЗОВА,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
 

Манба: ЎзА