“Ўзстандарт” агентлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Унда журналистларга Ўзбекистоннинг янги стандартлари, халқаро меъёрлар билан уйғунлашгани юзасидан маълумотлар берилди.
Учрашув иштирокчилари дастлаб меъёрий ҳужжатлар, стандартлар фонди билан танишдилар. Шундан сўнг ОАВ ходимлари республика синов ва сертификатлаштириш маркази қошидаги озиқ-овқат, электротехника ва болалар ўйинчоқлари лабораторияларида бўлиб, маҳсулотлар сифатига қуйилаётган янги талаб ва синов усуллари билан танишдилар.
“Очиқ эшиклар” куни якунида иштирокчилар Ўзбекистон миллий метрология институти қошидаги бир қанча замонавий лабораторияларда бўлиб, ўлчов воситаларининг қиёсловларига ҳам гувоҳ бўлдилар.