Наманган шаҳар ҳокимлиги, тадбиркор-ишбилармон доиралар вакиллари ва Наманган муҳандислик-технология институтининг профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Покистонда бўлиб турибди.
Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф давомида Файсалобод шаҳрига борди.
Қайд этиш жоиз, Файсалобод шаҳри Покистоннинг текстиль маркази ҳисобланади ва экспортининг салкам 70 фоизини айнан текстиль маҳсулотлари ташкил этади.
Делегация Файсалобод шаҳрига сафари давомида амалий натижага эришди. Наманган муҳандислик-технология институти ҳамда Покистон миллий енгил саноат университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур битимга мувофиқ, Наманган муҳандислик-технология институтида Покистондаги университет билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотларини жаҳон стандартлари даражасида синовдан ўтказиш ва сертификациялаш лабораториясини ташкил этилади. Иккала олий таълим муассасаларининг педагог ва талабалари ўзаро тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.
 
Оқилхон ДАДАБОЕВ, НамМТИ Ахборот хизмати раҳбари.
 
Манба: ЎзА