“Ўзстандарт” агентлиги томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги Матбуот анжуманида, оммавий ахборот воситалари ходимларига “Ҳалол” стандарти талаблари асосида маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштирадиган янги идора ташкил этилгани ҳақида расмий маълумот берилди.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида, Стандартлар институти негизида “Ҳалол” стандартлари талаблари асосида маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш миллий идораси ташкил этилди.
Таъкидлаш лозимки, идора дастлабки босқичда фақатгина экспортга чиқариладиган маҳсулотлар учун ҳамда зиёрат туризми (меҳмонхона ва ичидаги умумий овқатланиш маскани) доирасида фаолият юритади. Кейинчалик эса бу фаолият кўлами янада кенгайиб боради.
“Ўзстандарт” агентлиги идора фаолиятини ривожлантириш мақсадида Малайзиянинг “Ҳалол” сертификатлаштириш ва аккредитация масалаларида кўп йиллик тажрибага эга “Ислом тараққиёт департаменти” (JAKIM), Индонезиянинг Уламолар кенгаши (MUI), Туркиянинг “Турк стандартлари институти” (TSE), Таиланднинг Чулалонгкорн Университети қошидаги “Ҳалол” илмий маркази” каби халқаро даражада тан олинган ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади.