Юртимизда келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимиз соғлигини асраш, уларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳар қандай ҳолатларни бартараф этиш, сифатли маҳсулотларни тақдим этиш долзарб масалалардан биридир.
Жумладан, болажонларимизга мўлжалланган ўйинчоқлар нафақат ташқи кўриниши, балки кимёвий таркиби, хавфсизлик жиҳатидан ҳам болаларимиз саломатлигига зиён етказмаслиги шарт.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан соҳа масъуллари билан “Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент лойиҳаси ишлаб чиқилди:
Ушбу техник регламентда қуйидаги хавфсизлик чоралари кўзда тутилган:
- ўйинчоқларни тайёрлашда фойдаланиладиган хом ашё тоза, ноинфикцион ва амалдаги техник регламентда келтирилган ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжат талабларига мос бўлиши;
- ўйинчоқ лойиҳаланиши ва тайёрланиши, улардан фойдаланиш жараёнида болаларга ҳамда уларга қараб турувчи шахсларнинг соғлиги, ҳаёти учун хавф туғдирмаслиги;
- ўйинчоқларда олдин бошқа мақсадларда ишлатилган иккиламчи хомашёни қайта ишлаб олинган материалларни қўллаш руҳсат этилмаслиги;
- ўйинчоқнинг мавжуд қирралари, ўткир учлари, қаттиқ деталлари, пружиналар, маҳкамловчи қисмлари, оралиқлар, бурчаклар, бугрилари билан болаларни жароҳатланиш хавфи бўлмаслиги талаб қилинади.
Лойиҳани ишлаб чиқишда мамлакатимизда ва хорижий давлатларда соҳага доир меъёрий ҳужжатлардан фойдаланилди.
Бугунги кунда умумий техник регламент лойиҳаси масъул вазирлик ва идоралар билан келишилди, ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритишга тайёрланмоқда.
Техник регламент лойиҳаси билан қуйидаги ҳавола орқали танишиб чиқишингиз ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларни tr@standart.uz электрон манзилига юборишингиз мумкин.