Метрология соҳасидаги ягона давлат сиёсати ўлчовларнинг ягона бирлилигини таъминлаш тизими асосида амалга оширилади. Ушбу тизим “Метрология тўғрисидаги”ги қонуннинг 12-моддасига асосан давлат метрология текшируви ва назорати механизмалари асосида иш олиб боради.

Давлатметрология текшируви агентликнинг қуйидаги тизим ташкилотлари томонидан амалга оширилади:

  • “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси (ЎзММИ);
  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги синов ва сертификатлаштириш марказлари  метрология бўлинмалари(жами 16 та)
  • Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий тадқиқот институти (ССТТСИТИ);

Хозирги кунда “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси кўп тармоқли, техник жиҳатдан жиҳозланган, замонавий меъёрий ва услубий ҳужжатлар билан таъминланган, 15 та ўлчаш турлари бўйича ўлчаш воситаларини қиёслаш, калибрлаш, метрологик аттестация қилиш ишларини 24та лабораториялардан ташкил топган 7та бўлим, 1та сертификатлаштириш идорасидан иборатдир.

Корхонага қуйидаги вазифалар юклатилган

  • Метрология соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, бириктирилган ҳудудларда ва ўлчаш турлари бўйича ўлчашлар бирлилиги ва ишончлилигини таъминлаш;
  • Юқори аниқликдаги бошланғич  ва намунавий ўлчаш воситаларини сақлаш ва тегишли даражада сақлаб туриш;
  • Давлат метрология хизматини ривожлантириш;
  • Мавжуд юқори аниқликдаги ўлчаш воситалари ва усулларини такомиллаштириш, янгиларини яратиш, ўлчаш, назорат ва синаш воситаларини стандартлаштириш;
  • Ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш мақсадида давлат синовлари бўйича ишларни ташкил қилиш;
  • Ўлчаш воситаларини метрогик аттестатлаш, қиёслаш ва калибрлаш бўйича ишларни ташкил қилиш.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун институт лабораторияларида юқори аниқликдаги ўлчаш ва синаш воситаларидан фойдаланилади (Лабораторияларда жами 155 дона юқори аниқликдаги бирламчи ва 679 дона наъмунавий ўлчаш воситалари мавжуд).

“Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасида жами 195 нафар малакали ходим фаолият юритади, улардан 68 нафари давлат қиёсловчиси ва 7 нафари метрология соҳаси буйича тан олинган эксперт аудиторлардир.

Бу ходимларни билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда маҳаллий ва хорижий илғор миллий метрология институтларида ўқишларда ва малака ошириш курсларида иштирок этиш тизими йулга қўйилган. Жумладан жорий йилда 20 тадан ортик ходимлар Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий тадқиқот институтида ва 5 ходим Беларусь республикаси миллий метрология институтида малака ошириб келишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4059-сонли қарорига мувофиқ “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонасига қуйидагилар юклатилган:

- Миллий ўлчаш эталонлари ва миллий метрология институтлари томонидан бериладиган калибрлаш ва ўлчаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги келишувни (CIPM MRA) имзолаган мамлакатларнинг Миллий метрология органлари томонидан расмийлаштирилган амалдаги калибрлаш (ёки қиёслаш) сертификатлари тақдим этилганда ўз эҳтиёжлари учун технологик жараёнларда фойдаланиладиган импорт бўйича олиб кириладиган ўлчаш воситаларини метрологик аттестатлашни (турини тасдиқлаш) соддалаштирилган тартибда, бир кун муддатда тан олиш процедураси йўли билан амалга ошириш.

- Халқаро атом энергитикаси агентлигининг (МАГАТЭ) техник ёрдами лойиҳаси бўйича “ЎзММИ” ДКда ионлаштирувчи ва рентген нурланиш соҳасидаги иккиламчи эталонлар махсус дозиметрик лабораториясини ташкил этиш.

- Германиянинг “ATLAS International” корхонаси билан фото-видео фиксация қилиш тизимининг техника ва жиҳозларини белгиланган стандарт ва талабларга мувофиқлигини ўлчаш бўйича лаборатория ташкил этиш

- Миллий эталонлар базасини шакллантириш мақсадида жами 1 685 минг АҚШ доллари қийматли 4 дона эталонларни харид қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

- Халқаро талабларга мувофиқ масса, босим ва ҳарорат бирликлари ўлчаш лабораторияларини аккредитациядан ўтказиш.

- Ўлчаш воситаларини калибрлаш тизимига босқичма-босқич ўтишни ҳисобга олган ҳолда, қиёсланиши лозим бўлган ўлчаш воситаларининг янгиланган рўйхатини тасдиқлаш.

- Ўзбекистон Республикасида ўлчаш воситаларини калибрлаш тизимини ривожлантиришни асосий вазифа этиб белгилаган холда, 2023 йилгача бўлган давр учун Ўлчашлар бирлилигини таъминлаш миллий тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш Концепцияси лойиҳасини киритиш.

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Палаталарига, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси “Метрология тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини киритиш.