Ривожланган АҚШ, Англия, Германия ва Япония давлатларнинг кўп йиллик тажрибасидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, мамлакат иқтисодиёти тараққиётининг мавжуд муаммоларини ҳал қилишда стандартлар муҳим рол ўйнайди.
Стандартларнинг тўлиқ холда шаклланиши сифатли ва хавфсиз маҳсулот ишлаб чиқариш, халқ хўжалиги объектларини хавфсизлигини таьминлаш даражасини, ишлаб чиқариш жараёнларини иқтисодий самарадорлигини ошириш, хавф-хатарни баҳолаш ва уларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шу муносабат билан айтиш мумкинки, ҳозирги кунда стандартлар - иқтисодиёт ривожланишининг муҳим бўғинидир.
Сўнги йилларда мамлакатимизда стандартлаштириш тизими ривожлантиришга алохида эътибор қаратилди. Ўз навбатида мамлакатимиз танлаган тараққиётининг ривожланиш стратегиясидан келиб чиқиб, ва бошқа мамлакатларнинг тажрибасига асосланган ҳолда стандартлаштиришнинг янги хуқуқий асослари шакллантирилди.
Бугун Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида “Ўзстандарт” агентлиги ташаббуси ва Америка Қўшма Штатлари Cавдо Департаментининг CLDP дастури, ASTM International ташкилоти хамкорлигида “Техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш амалиёти” мавзусида трейнинг семинари ўз ишини бошлади.
Трейнинг семинари ASTM International ташкилоти экспертлари Жим Олшефский, Люис Фредерикс томонидан олиб борилмоқда.
Семинарда Америка Қўшма Штатларида кўп йиллар давомида стандартлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаларини тартибга солиш бўйича амалга оширилган ишлар, техник қўмиталар фаолияти, илмий ва техникавий ҳамкорликка кўмаклашиш, савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш учун миллий стандартларни халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида экспорт ва импорт қилинадиган махсулотларнинг стандартлари ва техник регламентларини уйғунлаштириш бўйича хамкорликда фаолият кўрсатиш каби мавзуларда маърузалар ўқилмоқда.