“Ўзстандарт” агентлиги IATF 16949:2019 “Сифат менежменти тизимлари. Автомобилсозлик саноати ва унга бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун сифат менежменти тизими талаблари”нинг ишлаб чиқарилганини маълум қилади.
Ушбу стандарт халқаро ISO / TS 16949:2009 ўрнини эгаллайди ва ISO 9001:2015 билан мос келади. Мазкур стандартни давлат стандарти лойиҳаси сифатида ишлаб чиқишдан асосий мақсад сертификатлаштириш орқали автомобилсозликдаги бошқарувни такомиллаштириш, юртимизда сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни доимий йўлга қўйиш ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги барча корхоналарни ушбу стандарт асосида сертификатлаштиришдан иборатдир.
Мазкур янги стандарт амалиётда қўлланилгач, ҳар қандай ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи учун муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, автомобил таркибий қисмларининг сифати юқори даражада бўлиши, ишлаб чиқарувчи корхонанинг техник даражаси ва унга татбиқ этилган сифатни бошқариш тизимининг юқори хавфсизлик даражаси билан таъминланади.
Автомобилсозлик саноатида менежмент тизими стандартларини жорий этиш қуйидаги устунликларни беради:
- хавфлар олдини олувчи чораларни қўллаш билан юзага келиши мумкин бўлган нуқсон ва ўзгартиришлар камаяди;
- доимий такомиллаштириш асосида самарадорликка эришиш ва маҳсулот етказиш занжиридан ортиқча ҳаражатларни камайтиради;
- иккинчи томон текширувлари камаяди;
- маҳсулот сифати яхшиланади;
- маҳсулотни экспорт салоҳиятини оширади.