Сўнгги йилларда юртимизда экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экспорт қилувчиларнинг анъанавий ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлаш ва янги бозорларни ўзлаштиришга доир комплекс тизимли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экспортни рағбатлантириш ва кенгайтириш мақсадида экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сонли, 2018 йил 20 декабрдаги ПҚ-4069-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги ПҚ-348-сонли шулар жумласидандир.
“Ўзстандарт” ҳамда Экспортни рағбатлантириш агентлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида Республикамиздаги маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилувчи корхоналарга стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг халқаро тизимларини жорий этиш харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш, чет эл бозорларига “ягона дарча” тамойили орқали кириш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат билан қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларни ишончли етказиб берувчи эканлигини тасдиқлаш учун ўзбек брендлари ва маҳсулотларини хорижда тарғиб қилишда “Made in Uzbekistan” дастурини амалга ошириш, хорижий мамлакатлардаги тадбиркорлик субъектлари учун ташқи савдо фаолияти масалаларида бизнес-форумлар ташкил этиш ва ўтказиш каби масалалар ўрин олган.