“Ўзстандарт” агентлигининг навбатдаги сайёр учрашуви Олмалиқ синов ва сертифкатлаштириш марказининг ҳамкор корхоналарида ташкил этилди.

Дастлаб, ҳудудда жойлашган “Jurabek Laboratories” корхона фаолияти билан танишилди. Корхона юртимиз аҳолисини сифатли ва кенг истеъмолдаги дори дармонлар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, фаолияти мобайнида ишлаб чиқарилган дори маҳсулотлари ҳам ички, ҳам ташқи бозорларда ўз ўрнини эгаллаган.

Сўнгра, сайёр учрашув жараёнлари “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори Д.Саттаров бошчилигида “Angren Shakar” корхонасида давом этди. Корхона 2015 йилда ишга туширилган бўлиб, шакарқамиш хом-ашёсидан шакар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 330,0  минг тоннани ташкил қилади.

Учрашув давомида корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқаришда стандарт талаблари ҳамда сифат тизимларининг жорий этилиши ва сертификатлаштириш соҳаларида мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.