Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги ПҚ-4059-сонли қарорида “2019-2021 йилларда техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури” ижросини таъминлаш, ҳамда хозирги кунда қабул қилинган техник регламентларни мазмун ва моҳиятини тушунтириш борасида тегишли ишлар бажарилаётгани хусусида сўз борди.

Мамлакатлар ўртасида савдо ва иқтисодий муносабатларни ривожлантириш, халқаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда хавфсиз ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида ҳозирги кунда жами 40 та техник регламент қабул қилинган, шулардан 10 та техник регламент озиқ-овқат соҳасига таалуқлидир.

 

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш, ички бозорни сифатсиз озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлардан муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатлари, Европа ва Божхона иттифоқи, ҳамда МДҲ давлатлари регламентлари нормалари ва ҳалқаро стандартлар талаблари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг натижасида Техник регламентлар асосида расмийлаштирилган синов баённомалари чет давлатларда тан олиниши ҳамда сифатсиз маҳсулотларни олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотиш хавфини назорат қилиш тартиби ўрнатилади.

 

Агентлик лабораторияларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича халқаро молия институтлари маблағлари ва имтиёзли кредитларини жалб қилиш юзасидан амалий ишлар олиб бормоқда, жумладан:

“Республикада мева сабзавотчилик секторини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида “Ўзстандарт” агентлигига Жаҳон банкидан 20,3 млн.доллар имтиёзли кредит ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги ПҚ-3790-сонли Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан, “Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги 8 та ҳудудда ва 2 та Тошкент шаҳрида жами 10 та марказлар қошидаги синов лабораторияларида янги озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини синаш бўйича замонавий халқаро талабларга жавоб берадиган синов лабораториялар ташкил этилиши белгиланган. Бу борада “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш Агентлиги билан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан йўл ҳаритаси ишлаб чиқилиб, 2020 йилга қадар ускуналарни ҳарид қилиш режалаштирилган.

Ундан ташқари, “Республика синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонаси қошидаги озиқ-овқат маҳсулотларини синаш лабораториясига Кореянинг KOICA дастури орқали гранд хисобига замонавий 3 дона синов ускуналари ўзлаштирилди. Ушбу ускуналар ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсизлик кўрсаткичлари аниқланиши йўлга қўйилди.

Айтиш лозимки, 2018 йил сертификатлаштириш органлари томонидан жами 148.8 млрд. сўмлик маҳаллий ва импорт қилинаётган маҳсулотлар тегишли меъёрий хужжатларга номувофиқ деб топилди. Булардан 5,0 млрд. сўм қиймати озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Номувофиқ деб топилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Қозоғистон, Грузия, Покистон, Туркия ва Россия давлатларидан импорт қилинган. Ҳозирги кунга қадар Агентлик тизимидаги 12 та синов лабораториялар халқаро даражада халқаро ташкилотларнинг аккредитлаш органлари томонидан аккредитациядан ўтказилди.

Матбуот анжумани сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.