Германиялик ҳалқаро эксперт Фредрих Нотдурфт Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, “Глобал Агро Экспорт Агрофирма”, “Uz trade Agro”, “Сурхон Мева Инвест”, “Gold Dried Fruits Export” экспортёр корхоналарига “Global G.A.P” халқаро стандарт талабларини жорий этиш амалиёт-трейнинг семинарларини ўтказди.

Тадбир давомида мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш корхоналар вакиллари билан биргаликда ҳудуддаги далаларга бориб тажрибалар ўрганилди. Фредрих Нотдурфт маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоят касаба уюшмаси бошқармасида ҳам  тегишли ташкилотлар билан биргаликда халқаро эксперт иштирокида вилоятдаги  “Global G.A.P”  ҳалқаро  стандартларини жорий этиш имконияти бор фермер  хўжалик вакилларига ўқув-семинари ташкил этилди.

 

Семинарга шаҳар ва туманлардан 30 га яқин фермер хўжалик раҳбарлари ташриф буюришди. Германиялик эксперт “Global G.A.P”  ҳалқаро  стандарт талаблари, моҳияти, жорий этиш услубини атрофличап тушунтириб берди.  Тренинг давомида Сурхондарё синов ва сертификатлаштириш маркази вакиллари мамлакатимиз экспорт потенциалини кенгайтириш, экспорт кўрсаткичларини ошириш мақсадида етиштираётган маҳсулотларимизни жаҳон бозорига, Европа мамлакатларига экспорт қилишнинг ягона йўли – “Global G.A.P”  халқаро  стандартларини жорий этиш эканлигини иштирокчиларга айтиб ўтди.

Қишлоқ хўжалигида яратилаётган бундай кенг имкониятлар, ўзгаришлар, халқаро стандартларни жорий этиш сиёсати  мева-сабзавотчилик тармоғининг янада юксалиши, эскпорт ҳажмининг ошиши, деҳқон ва фермер хўжаликларининг молиявий жиҳатдан мустаҳкамланиши билан биргаликда юртимизда мўл-кўлчилик янада ортишини таъминлайди.