Хоразм синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда семинар бўлиб ўтди. Ушбу анжуманда иккала ташкилот ходимлари ва кичик-бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Божхона бошқармаси биносида ўтказилган мазкур семинарнинг асосий мақсади давлатимиз раҳбарининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 декабрда қабул қилинган ПҚ-4059-сон қарори мазмун ва моҳияти кенг тарғиб қилишдан иборат бўлди.
– Ушбу қарорда тадбиркорларга яратилтган қулайликлар алоҳида баён этилган, – дейди Хоразм вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мухтор Уразалиев. – Қарорда белгиланишича, давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирадиган Республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган қишлоқ хўжалиги техникаси, уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хомашё ва материаллар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади.
Хоразм ССМ ДК директори Алишер Худайберганов ҳам сўзга чиқиб, юқоридаги қарор моҳияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Унинг берган маълумотларига кўра, Сифат менежменти тизимларини жорий этган ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялардан фойдаланадиган тадбиркорлик субъектларига, улар томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ўлчаш воситаларига мувофиқлик сертификатини тақдим этмаган ҳолда, уни божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган кундан бошлаб икки ой давомида ўрнатилган тартибда олиш шарти билан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга йўл қўйилади.