Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар стандартлаштириш ва метрология бошқармалари тугатилиб, “Ўзстандарт” агентлиги қошида Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш Департаменти ташкил этиладиган бўлди.
Янги департамент техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунбузилишларини олдини олиш ва профилактика қилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология масалаларида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга масъул этиб белгиланди.
Шунингдек, техник регламентлар, стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши, ўлчов бирликлари ягоналиги ва ишончлилигини таъминлаш, мажбурий сертификатлаштириш қоидалари талаблари бажарилиши устидан назорат ўрнатиш ҳам агентлик ҳузурида ташкил этилаётган департаментнинг зиммасига юклатилади.
Қарор доирасида Агентликнинг Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш илмий-тадқиқот институти ва “Ахборот-маълумот маркази” давлат корхонаси негизида “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда.
Институт стандартлаштириш бўйича тармоқ техник қўмиталарининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Шунингдек, институт стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга масъул ташкилот этиб белгиланмоқда.
“Ўзстандарт” агентлиги ва Партия фаоллари учрашувида Қарор O‘zLiDeP электорати бўлган тадбиркорлар учун ҳам қатор имтиёз ва имкониятлар яратиб бераётганлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF) тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари тақдим этилганда, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (эркин иқтисодий зоналари штирокчилари бундан мустасно) ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар ва уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек, мажбурий сертификатланиши лозим хом-ашё, материаллар ва буюмлар мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинади. Қарор билан тадбиркорлик субъектларига берилаётган бундай имкониятлар партия электорати вакиллари фаолиятини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, корхоналарни модернизация қилиш ва маҳаллий маҳсулотларимизнинг сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Ахборот хизмати