«Global GAP»  ва «Organic» стандартлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган Франциянинг “ECOCERT” сертификатлаштириш идораси ва  “Ўзстандарт” агентлиги  Республика синов сертификатлаштириш идораси ўртасида меморандум имзоланди.

 Бугунги кунда халқаро тажриба Европа бозорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда GLOBALG.A.P сертификати муҳим эканлигини кўрсатади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг “Савдо ривожланишига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида тайёрланган маълумотларга кўра, ҳозирда GLOBALG.A.P. тизими томонидан дунёнинг 124 дан зиёд мамлакатларидаги ишлаб чиқарувчилар сертификатланган, ушбу сертификатга эга хўжаликларнинг умумий сони 170000 дан ошади, сертификатланган хўжаликларнинг умумий сонидан узимчилик маҳсулотлар (шу жумладан мева ва сабзавотлар) улуши тахминан 75 фоизни, чорвачилик маҳсулотларининг улуши 15 фоизни, акваэкинлар улуши эса 10 фоизни ташкил этади.

“Ўзстандарт” агентлиги мамлакатимизда етиштирилаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини Европа бозорларда рақобатдошлигини янада оширишга ҳамда экспорт қилувчиларнинг мева ва сабзавот маҳсулотларини истиқболли халқаро бозорларга олиб чиқиш учун “Global GAP” ва “Organic” стандартлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратган. 

Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.10.2018 йилдаги ПҚ-3978-сонли "Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш  учун жорий  йилнинг 3 декабр куни «Global GAP»  ва «Organic» стандартлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш бўйича халқаро тан олинган Франциянинг “ECOCERT” сертификатлаштириш идораси ва  Республика синов сертификатлаштириш идораси ўртасида меморандум имзоланди.

Франциянинг “ECOCERT” сертификатлаштириш идораси мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларини  «Global GAP»  ва «Organic» стандартлари асосида сертификатлаштиришда ва экспертлар тайёрлашда  амалий ёрдам кўрсатади.

Ахборот хизмати