Ҳар қандай давлатнинг бош қонуни Конституция ҳисобланади. Конституция сўзи луғавий жиҳатдан "Низом", "Қоидалар тўплами" деган маъноларни англатади. Лекин мазмун-моҳиятига кўра, ушбу ҳужжат мамлакат, унинг фуқаролари ҳаётида жуда муҳим ва катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Мамлакатимиз Бош Қомусида жамият ва давлат, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тузилиш ҳамда фаолиятининг асосий принциплари, уларнинг ваколатлари, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлари белгилаб берилган. Амалдаги барча қонунлар ва бошқа ҳужжатлар Конституция негизида ва унга мувофиқ тарзда қабул қилинади.
Таъкидлаш керакки, 1992 йил 8 декабрда XII чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XI сессиясида қабул қилинган Конституциямиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлиб, унда мамлакатимизнинг ҳуқуқий, демократик жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий принциплари белгиланган.
Конституциямиз халқаро ташкилотлар ва экспертлар томонидан эътироф этилганлиги эса давлатимизнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини оширмоқда ва мустаҳкамламоқда. Бир сўз билан айтганда, Бош Қомусимиз "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамиятига ўтиш"нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
“Ўзстандарт” агентлиги ва унинг тизим-ташкилотларида мазкур сана муносабати билан давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилмоқда.
Асосий мақсад эса ходимларга ҳаётимиз қомусининг мазмун-моҳиятини янада теран англашларига кўмаклашишдан иборатдир.
Ахборот хизмати