Анжуман доирасида Республикамизда синовлар натижаларининг ҳалқаро даражада тан олинишида лабораторияларнинг ўрни, “Ўзбек Tурк Teст Maркази”нинг фаолияти мисолида сўз борди.
Юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларга қулай шароит яратиш ва ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда ҳалқаро стандарт талабларига мувофиқ сертификатлаштириш ва синаш, илғор мамлакатларнинг бой тажрибасидан кенг фойдаланиш мақсадида «Ўзстандарт» агентлиги ва Турк стандартлари институтути ҳамкорлигида, янги замонавий жиҳозланган ҳамда халқаро талабларга жавоб берадиган Ўзбек-Турк қўшма корхонасига асос солинди.
Қўшма корхона 2003 йилда Адлия Вазирлигидан рўйхатдан ўтказилиб, маъсулияти чекланган жамият шаклидаги «O`zbek-Turk Test Markazi» номи билан фаолият кўрсатмоқда. Ҳозирги кунда марказда маҳсулотларни сертификатлаштириш идораси, сифатни бошқариш тизимларини сертификатлаштириш ва синов лабораториялари мажмуалари фаолият кўрсатади.
Республикамизда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат маҳсулотларининг сифатини халқаро стандарт талаблари асосида синаш ва синов натижаларининг халқаро даражада тан олинишига эришиш мақсадида “Тўқимачилик маҳсулотларини синаш лабораторияси” Туркиянинг аккредитатлаш ташкилоти (ТУРКАК) томонидан ISO 17025 «Синов ва калибрлаш компетентлигига қўйилган умумий талаблар» ҳалқаро стандарти талабларига мувофиқ аккредитация қилинди.
“Тўқимачилик маҳсулотларини синаш лабораторияси” халқаро аккредитация гувоҳномасига мувофиқ қуйидаги синовларни халқаро синов методларига кўра амалга оширади:
- ISO 2060 “ипларнинг чизиқий зичлиги”;
- ISO 2062 “ипларнинг узилиш кучи, узилишдаги узайиш”;
- ISO 2061 “ипларнинг бурамлар сони”;
- ISO 16549 “ипларнинг диаметри бўйича нотекислиги, ҳамда 1000m узунликдаги қалин, ингичка ва нуқсонлар сони”;
- ISO 12863 “ипларнинг туклилиги фотоэлектрик усул” ёрдамида синовларни амалга оширмоқда.
TURKAK Европа аккредитация ташкилоти - EA, Халқаро аккредитация форуми - IAF ва Лабораторияларни халқаро аккредитация қилиш қўмитаси – ILAС каби нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо. Бу эса «O'zbek-Turk Test Markazi» қўшма корхонаси сифат менежмент тизимларини сертификатлаштириш идораси ва синов лабораториясининг мустақиллиги ва холислигини таъминлаб, улар томонидан расмийлаштирилаётган мувофиқлик сертификатлари ва синов баёномалари натижалари нафақат ички бозорларда балки жаҳон бозорларида тан олиниш имконини бермоқда.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларига ҳам жавоб олдилар.