“Ўзстандарт” агентлигида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги «2014-2018 йилларда техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурига» мувофиқ жорий йилнинг 31 октябрь куни «Идишларга қадоқланган ичимлик суви хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентнинг лойиҳасини экспертизадан ўтказиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги Эксперт гуруҳининг йиғилиш бўлиб ўтди.
Умумий техник регламент лойиҳаси «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган.
Гуруҳ йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзбекозиковқатхолдинг» ХК, Давлат экология қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, Ядро физикаси институти, Интеллектуал мулк агентлигидан мутахассислар, ичимлик сувини ишлаб чиқарувчи корхоналар, ҳамда мувофиқликни баҳолаш идораларидан вакиллар иштирок этди.
Йиғилиш давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан бир қатор таклиф ва камчиликлар билдирилди, жумладан регламент лойиҳасини ҳалқаро талаблар билан мувофиқлаштириш, шунингдек техник регламентни қўлланиш доираси, атама ва белгиланишлар, сув учун қўйиладиган кимёвий хавфсизлик кўрсаткичлари кўриб чиқилди.
Билдирилган таклиф ва камчиликлар кўриб чиқилгандан сўнг, умумий техник регламентнинг лойиҳаси ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиладиган бўлди.