Ҳар бир соҳада ахборот технологияларини жадал равишда жорий қилиш ўзининг амалий самарасини бериши ҳеч кимга сир эмас. Шу ўринда «Ўзстандарт» агентлигида ҳам ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 17 апрелдаги ПҚ-2336 қарорига биноан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан махсус ахборот тизими ишлаб чиқилган.

Ушбу махсус ахборот тизими стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ваколатли идораларнинг хизмат кўрсатиш фаолиятларини электрон тарзда амалга оширишга мўлжалланган ва ушбу дастурни ишга туширишга тайёргарлик кўриш мақсадида жорий йилнинг октябрь ойида кореялик мутахассислар таклиф қилиниб, улар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ахборот тизими амалиётга жорий этилиши натижасида, соҳада кўрсатилаётган хизматларнинг сифатининг ошиши ва инсон омилини қисқариши туфайли коррупциоген ҳолатларни келтирувчи сабабларни олдини олишга эришилади.

Амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 18 октябрда KOICA нинг Ўзбекистондаги Офиси директори Сон Сонг Иль, директор ўринбосари Хан Сонг И хоним, ҳамда Корея Республикаси элчихонаси котиби Канг Мин Со лар «Ўзстандарт» агентлигида бўлишди.

Улар олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, ушбу махсус ахборот тизимини тез орада ишга тушириш бўйича мутахассисларга ўз таклифларини билдирдилар.