Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи ”.
Халқимиз тилида китоб ўқиб билим ва муносиб тарбия олиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”. Бундай ҳикматли нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ва китоб ўқишни канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрь куни қабул қилинган ПҚ-3271 сонли “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоааласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан жойларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 сентябр куни Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси ва Қашқадарё стандартлаштириш метрология бошқармасида “Қашқадарё кўзгуси нашриёти ва китоб савдоси медиа маркази” УК билан ҳамкорликда навбатдаги китоблар ярмаркаси ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг етакчи нашриётлари томонидан чоп этилган болалар адабиётлари, илмий нашрлар, миллий ва жаҳон адабиётини ўзида жамлаган 140 дан зиёд китоблар савдога қўйилди.
Ярмаркада барча ходимлар ва уларнинг оила аъзолари қатнашдилар. Ярмаркада тақдим этилган кўплаб адабиётлар жумладан Президентимиз Шавкат Мирамонович Мирзиёев асарлари, таниқли адибларимиз Абдулла Ориповнинг шеърлар туплами, Тоҳир Маликнинг асарлар туплами, Зулфия, Примкул Кодиров асарлари ва бошқа адабиётлар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ярмарка давомида иштирокчилар томонидан кўплаб адабиётлар харид қилинди.
Китобга ошно кишидан ҳеч вақт ёмонлик чиқмайди. Фарзандларимизга китоб ўқишни тарғиб этишимиз эмас, балки уларга ўрнак бўлишимиз лозим.
Ахборот хизмати