“Ўзстандарт” агентлиги томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина стандартлаштириш ва техник жихатдан тартибга солиш йўналишида бир қатор ишлар бажарилди.

 Масалан,тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида 1 230 техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалдаги ҳуқуқий ҳужжатлар “Ўзстандарт” агентлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди ҳамда уларни бепул фойдаланиш имконияти яратилди.

2017-2018 йилларда 922 та халқаро стандартлар амалиётга жорий этилди. Бунинг натижасида халқаро стандартларнинг сони 3 849 тага етказилди. Жумладан, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Европа иқтисодиёт комиссиясининг мева, сабзавот ва қуритилган қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларига тегишли 77 та стандартлари (шулардан, 24 таси мева, 32 таси сабзавот ва полиз экинлари, 21 таси қуритилган маҳсулотлар учун), Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг 24 та “Кодекс алиментариус” стандартлари қабул қилинди.

Натижада амалдаги стандартларнинг халқаро талаблар билан уйғунлашганлик даражаси 13 % дан 17,6 %га етказилди. (жами стандартлар сони 21 888 та)

“Ҳалол”стандарти қабул қилиниб, сертификатлаштириш идорасининг фаолияти йўлга қўйилди.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида халқаро “Global G.A.P.” стандарти қабул қилинди.

Республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни халқаро талабларга мослаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида 1102 та ташкилотнинг стандартлари ўрнига 24 та ягона талабларни белгиловчи давлат стандартлари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, хавфсизлик талабларини белгиловчи 7 та (мойлар, лифтлар, газда ишлайдиган ускуналар, ветеринария дори воситалари, автомобиль ва авиа ёқилғи, портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишловчи ускуналар, гўшт) умумий техник регламентлар, шунингдек, 1 та (газ тўлдириш компрессорлари) махсус регламент қабул қилиниб, уларнинг умумий сони 39 тага етказилди.

Бунинг натижасида, республикамизда 1 600 та стандартларни қўлланиши ихтиёриликка ўтказилди.

Ахборот хизмати