Республикамизда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан,”Ўзстандарт” агентлиги ҳамда «Оила дврасида» ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий газетаси ҳамкорлигида пойтахтимизнинг айрим бозорларида сотилаётган дафтарлардан намуналари танлаб олиниб, уларнинг давлат стандартларига қанчалик мос келиши таҳлил қилинганда бир қатор нуқсонлар борлиги маълум бўлди.
Жумладан, Мамлакатимида ишлаб чиқарилган, ҳамда қўшни давлатлардан келтирилган ва ички бозорда сотилаётган 12 варақли катак дафтарлар, бир ва икки чизиқли дафтарлардан намуналар олиниб, меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан Республика синов ва сертификатлаштириш марказининг синов лабораториялар мажмуасида синов жараёнлари ўтказилди.
Минг афсуски, Синовлар натижалари кўнгилдагидек чиқмади. Масалан, танланган намуналар “Ўқув муассасалари учун полиграфия маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламент” ҳамда O’zDSt 2851:2014 меъёрий ҳужжатида қўйилган айрим талабларга мос эмаслиги кўзга ташланди.
Мактаб дафтарларининг стандарт талабларига мос келмаслиги, ўқувчилар учун қатор ноқулайликларга сабаб бўлади. Қоғоз зичлигининг меъёрий ҳужжат талабларидан паст чиқиши, дафтар варақларининг четлари букланишига, сиёҳларнинг орқа варақларига ўтишига ва варақларнинг тез йиртилиб кетишига олиб келади.
Дафтар чизиқларининг ранглари ва қалинлигининг меъёрий ҳужжат талабларига мос эмаслиги эса ўқувчиларнинг кўриш қобилиятини зўриқишига олиб келиши мумкин. Бу номувофиклар ушбу маҳсулотларнинг сифат ва чидамлилик кўрсаткичлари паст даражада эканлигини билдиради.
Айниқса ёзишни ўрганаётган бошланғич синф ўқувчиларининг ҳусни хатига салбий таъсир кўрсатади. Буни билган ҳаридорлар ҳам бу каби маҳсулотларни четга суриб, сифатли ўқув қуролларини харид қиладилар.
Хулоса қилиб айтганда меъёрий ҳужжат талабларига мос, сифатли ва ҳаридоргир маҳсулотларни ишлаб чиқариш, биринчи навбатда тадбиркорларнинг ўзлари учун фойдалидир.
Ҳурматли истеъмолчилар, фарзандингиз тақдирига бефарқ бўлманг!
Ахборот хизмати