“Ўзстандарт” агентлигининг ташаббуси билан Сенатнинг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунининг давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш юзасидан семинар ташкил этилди.
Учрашувда – Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси З.Низомхўжаев, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Б.Тожиев, ва бошқа вазирлик ҳамда идораларнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирги кунда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан юритиладиган меъёрий ҳужжатлар давлат фондида 70 265 та (шундан 37 627 таси республикада жорий этилган) стандарт мавжуд бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигига ва уларни баҳолашга оид 4 146 та стандартни ташкил этади.
Ўтказилган давлат назорати текширувларида 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги синовлардан ўтказилиб, шундан 42 (22,9%) турдаги маҳсулот амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига номувофиқ деб топилгани учрашувда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, ўтказилган текширувларда жами 5012 дона ўлчов воситасидан 733 (14,6%) донаси қиёсланмаган, яроқсиз ҳолатда фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.
Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи тадбиркорлик субъектларига нисбатан камчиликларни бартараф этиш бўйича 57 та, номувофиқ бўлган маҳсулотларнинг сотилишини таъқиқлаш юзасидан 10 тақарор чиқарилган. 73 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилиб, уларга нисбатан 20,7 млн.сўмлик маъмурий жарималар қўлланилган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг савдо расталарида сотилаётган 56турдаги (сут ва сут маҳсулотлари, колбаса маҳсулотлари, ичимлик суви, болалар озуқаси, какао ва шарбат) маҳсулотларининг назорат хариди амалга оширилган. Синов натижаларига кўра 18 турдаги сут ва гўшт маҳсулотларининг меъёрий ҳужжат талабларига сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича номувофиқлиги аниқланган.
Бироқ олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари стандартларда белгиланган физик-кимёвий кўрсаткичларга номувофиқ равишда ишлаб чиқарилмоқда.Иккинчидан, айрим ишлаб чиқарувчилар ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаган ҳолда, маҳсулот қадоқларига маҳсулотларни сақлаш шароитлари ва ишлаб чиқарилган саналарни белгиламайди, оқибатда маҳсулотлар савдо расталарида узоқ муддат сақланмоқда ва сотилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларнинг ошқозон-ичак тизимида турли хил касалликларнинг келиб чиқишига олиб келмоқда.
Шунингдек, айрим ишлаб чиқарувчи корхоналар озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш назоратини олиб бориш учун тегишли ўлчов воситалари билан таъминланмай қолмоқда.
Булардан ташқари, айрим хусусий ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан маҳсулотлар мувофиқлик сертификатисиз ишлаб чиқарилиб, ички бозорларда сотилмоқда. Бунинг оқибатида маҳсулотларнинг сифатини белгиланган стандартларга мувофиқлигини назорат қилиш мезонлари бузилмоқда.
Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш соҳасида:
“Ўзстандарт” агентлиги тизимидаги инспекция идоралари томонидан 2017 йил бошидан шу кунга қадар сертификатлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари устидан 10 548 та инспекция назорати ўтказилган. Шундан 8 428 та мувофиқлик сертифатининг амал қилиши тасдиқланган, 1 474 та мувофиқлик сертификати амал қилиш муддати вақтинча тўхтатилган ва 646 та мувофиқлик сертификати белгиланган тартибда бекор қилинган.
Қолаверса, “Ўзстандарт” агентлигининг Алкоголли маҳсулотлар сифати бўйича давлат инспекцияси томонидан 2017 йилда 13 та корхонада давлат назорати ўтказилган, жами 63 турдаги алкогол маҳсулотининг сифати текширилган, шундан 19 турдаги (19 585 дона ароқ, 1 356 дона ликёрароқ ва 8 253 дона вино) маҳсулотнинг сифати амалдаги стандарт талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланган.
Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида давлат назорат органлари томонидан қатор ишлар амалга оширилган.
Хусусан, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигига ҳамда уларни баҳолашга оид 4 146 та стандарт мавжуд.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг 1 апрелига қадар стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар мажбурий талабларининг бажарилиши ҳамда метрология ва сертификатлаштириш қоидалари устидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи 67 та тадбиркорлик субъектида давлат назорати ўтказилган.
Ўтказилган давлат назорати текширувларида 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги синовлардан ўтказилиб, шулардан 42 (23%) турдаги маҳсулот амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига номувофиқ деб топилган.
Шунингдек, 2017 йил давомида сертификатлаштириш ишлари натижасида республика ва ҳудудий марказлар томонидан 897 273 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз деб топилган.
Олиб борилаётган профилактик ишларга қарамай, соҳада бир қатор ечимини кутаётган муаммолар кузатилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари стандартларда белгиланган физик-кимёвий кўрсаткичларга номувофиқ равишда ҳамда мувофиқлик сертификатисиз ишлаб чиқарилмоқда.
Айрим ишлаб чиқарувчилар ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб, маҳсулот қадоқларида маҳсулотларни сақлаш шароитлари ва ишлаб чиқарилган саналарни қайд этмаяпти, оқибатда маҳсулотлар савдо расталарида узоқ муддат сақланмоқда ва сотилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларнинг ошқозон-ичак тизимида турли хил касалликларнинг келиб чиқишига олиб келмоқда.
Маҳсулотларга бирламчи ишлов бериш, уларни пишириш, сақлаш ва тарқатиш, иш жиҳозларини ювиш ва зарарсизлантиришда амалдаги СанҚваМларига риоя этилмаяпти. Ишчиларнинг шахсий гигиена қоидалари талабларига риоя этмаслиги, тиббий кўрикдан ўтмаслиги оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларининг айрим касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар билан зарарланишига ва инсон организимига тушиши орқали овқатдан заҳарланиш ва бошқа турли хил касалликларнинг ривожланишига олиб келмоқда.
Хусусан, 2017 йилда “Тўхтаниёз ота” колбаса маҳсулотларига санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган қўшимчаларнинг қўшилганлиги, ушбу маҳсулотларнинг реализация қилиниши натижасида 5 нафар фуқаро заҳарланганлиги аниқланган.
Айрим якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан эшак гўштининг умумий овқатланиш шаҳобчаларига улгуржи нархларда сотилиши қайд этилмоқда, оқибатда аҳолининг ижтимоий кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, ветеринария лабораторияларида текширувдан ўтказилмаган сут ва сут маҳсулотларини рухсат этилмаган жойларда сотиш ҳолатлари давом этмоқда.
Амалий семинар якунида мазкур муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ахборот хизмати