«Ўзстандарт» агентлиги республикамиздаги нуфузли оммавий ахборот воситалари ходимлари учун навбатдаги матбуот анжумани ташкил этди. Матбуот анжуманида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори ўринбосари Ж.Шукуров ва “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг матбуот хизмати раҳбари А.Расулов ва бошқа масъул ходимлар иштирок этиб, агентликнинг халкаро муносабатлардаги мавқеи ва халқаро ташкилотлари билан ҳамкорлик истиқболлари мавзусида батафсил маълумот бердилар.
Анжуманда таъкидланганидек, бугунги кунда халқаро ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 33 та мамлакат билан 47 та битим ва келишувлар мавжуд. Шундан: 12 та ҳукуматлараро ва 35 та идоралараро келишувлардир. Келишувлар стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларини қамраб олади.
Мувофиқликни баҳолаш соҳасида Латвиянинг “BIOR”, Таиланднинг Ҳалол илмий маркази, Жанубий Кореянинг “KATRI”, Туркиянинг “ТУРКАК” , Хитойнинг “KATARC” ва Франциянинг “Бюро Веритас” ташкилотлари билан яқин алоқа ўрнатилган.
Метрология йўналишида Метрология соҳасида қонунлаштирувчи Халқаро ташкилот (МОЗМ), Худудий метрология ташкилоти (КООМЕТ), Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Ҳалол стандарт соҳасида Ислом давлатларининг стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) ва Турк стандартлар институти билан алоқалар мавжуд.
Европанинг - GLOBALG.A.P, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа Иқтисодий Комиссияси, Жанубий Кореянинг - KOICA, Германиянинг - GIZ ташкилотлари билан соҳа йўлишларини ривожлантириш бўйича доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 6 ойлигида 120 нафар ходим 20 та яқин хорижий давлатларда соҳа йўналишлари бўйича тажриба оширишди.
Ҳозирги кунда стандартлаштириш соҳасида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO), Халқаро электротехника комиссияси (МЭК), Давлатлараро Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кенгаши билан, Буюк Британиянинг “Британия стандартлар институти”, Хиндистоннинг “Хиндистон Стандартлар бюроси”, Германиянинг “Германия стандартлар институти”, Малайзиянинг “Малайзия стандартлар департаменти”, Россиянинг “Росстандарт”, Туркиянинг “Турк стандартлар институти”, Жанубий Кореянинг “Корея технологиялар ва стандартлар агентлиги”, Сингапурнинг “Спринг” ва Белорусиянинг “Госстандарт” ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ишлари олиб борилади.
Маълумот учун:
Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) - бутун дунё бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи ва нашр этувчи ташкилоти бўлиб, 1947 йил Женева шахрида ташкил топган. ISO таркибига кирувчи миллий стандартлаштириш ташкилотлар аъзолар сони 165 та ташкил этади. “Ўзстандарт” агентлиги Халкаро стандартлаштириш ташкилотига 1994 йили аъзо бўлган. Хозирги кунда “Ўзстандарт” агентлиги фондида қабул қилинган 373 та ISO, 324 та O`zDSt ISO, 2307 та ГОСТ ISO стандартлар мавжуд. Юртимиздан ISO техник қўмитасига аъзо қўмиталар сони 12 та. Ушбу ташкилотга аъзо бўлиш ва стандартлардан фойдаланиш Халқаро микёсдаги савдо алмашинувида ва ўзаро ёрдамни енгиллаштириш учун дунё кўламида стандартлаштиришни ривожлантиришга кўмаклашиш, ақлий, илмий, техникавий ва иктисодий фаолиятлар соҳасида хамдўстликни ривожлантириш имконини беради.
Давлатлараро Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича кенгаш. Кенгаш 1992 йил 13 мартда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ҳукуматлари бошлиқлари томонидан имзоланган “Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида келишилган сиёсат юритиш ҳақида Битим” га асосан тузилган. Битим стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича МДҲ иштирокчи мамлакатларининг миллий органлари салоҳиятлари ва ресурсларини бирлаштириш ҳамда ушбу соҳаларда ягона техник сиёсат юритиш имконини берди. Ҳар йили МДҲ доирасида бир ярим мингдан кўп стандартлар қабул қилинадики, улар савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилиб, МДҲ мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги учун шароит яратади.
Халқаро электротехника комиссияси (МЭК). Электротехника соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича ишлар 1881 йилдан бошланган, чунки бу йили электротехника бўйича биринчи Халқаро конгресс бўлиб ўтган эди. ушбу Ташкилотга 1906 йил асос солинган. Ушбу ташкилот мақсади электротехника ва радиотехника ва уларга қўшни тармоқлардаги муаммоларни стандартлаштириш масалаларини ҳал қилишдир. ИСО ва МЭК фаолиятлари бўйича фарқланади. МЭК электротехника, электроника, радиоалоқа, асбобсозлик соҳалари бўйича шуғулланса, ИСО эса қолган бошқа ҳамма соҳалар бўйича стандартлаштириш билан шуғулланади. МЭК таркибига кирувчи миллий қўмиталар сони 83 та ташкил этади. “Ўзстандарт” агентлиги 2015 йил Халқаро электротехника комиссиясига аъзо бўлди. Агентлик фондида мавжуд қабул қилинган ГОСТ МЭК стандартлар сони 252 тани ташкил этади.
Метрология соҳасида қонунлаштирувчи Халқаро ташкилот (МОЗМ). Ушбу ташкилотга 1955 асос солинган, МОЗМ таркибига кирувчи миллий метрология ташкилотлар аъзолар сони 126 та. “Ўзстандарт” агентлигининг Метрология соҳасида қонунлаштирувчи Халқаро ташкилотга 2001 йил аъзо бўлган. Ташкилотнинг асосий мақсади - давлат метрологик хизматларни ва бошқа миллий муассасаларнинг фаолиятларини халқаро миқёсда мувофиқлаштиришдир.
Ҳудудий метрология ташкилоти (КООМЕТ). КООМЕТ таркибига кирувчи миллий метрология ташкилотлар аъзолар сони 19 та, КООМЕТда мавжуд ўлчаш турлари бўйича техник кўмиталар сони 12 та, “Ўзстандарт” агентлиги КООМЕТга 2004 йил аъзо бўлган. Ташкилотнинг асосий мақсади – халкаро миқёсда ўлчашлар натижалрини ягоналигини таъминлаш ва мувофиқлаштириш иборатдир.
Якин кунларда “Ўзстандар агентлиги Ислом давлатларининг стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) ва Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM)га аъзо бўлиш арафасида.
Матбуот анжумани сўнгида журналистлар ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларига жавоб олдилар.
Ахборот хизмати