«2017-2018-йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури» ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги Бош директори А.Каримовнинг ташаббуси билан Хоразм Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳамда Хоразм Синов ва сертификатлаштириш маркази ҳамкорлигида семинар ташкил этилди.
Семинарни Хоразм Синов ва сертификатлаштириш маркази директори А.Худайберганов кириш сўзи билан очиб, «2017-2018-йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури» ижросини таъминлаш Чора-тадбирлари режасига асосан суд, прокуратура, ички ишлар идоралари ҳамда савдо-саноат палатаси вакиллиари билан ҳамкорликда агентлик тизимидаги корхона – ташкилотлар ходимлари билан, коррупцияга қарши курашиш, бу борада қонунчилик нормалари талаблари, одоб–аҳлоқ қоидалари ҳақидаги давра суҳбатлари ўтказиш ва бу давра суҳбатининг аҳамияти катта эканлигига эътибор қаратди.
Шундан сўнг “Ўзстандарт” агентлиги Бош директорининг матбуот котиби А.Расулов сўзга чиқиб, коррупцияга карши курашиш бугунги семинарнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад, ходимлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, Давлатимиз томонидан чиқарилаётган Қонунларга амал қилиш, мижозлар билан ишлаётганда уларга тўғри муносабатда бўлиш, мижозларни қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тўғри тушунтириб ишлаш, Муҳтарам Президентимиз йиғилишларда бизнинг мамлакатимиз коррупция туфайли 20 йил мамлакат тараққиётидан орқада қолиб кетдик деган сўзлари бежизга эмаслиги, тараққиётнинг энг ёмон кушандаси бу коррупция, таъмагирлик эканлигини таъкидлаб ўтди.
Учрашув давомида Урганч шахар прокуратураси катта прокурорнинг ёрдамчиси Н. Аллаберганов, “Ўзстандарт” агентлиги Бош юристконсулти Э.Раҳмонов ва Республика Синов ва сертификатлаштириш маркази бош мутахассиси Н.Мухитовлар сўзга чиқиб, коррупция сўзининг маъно-мазмуни ва унинг келтириб чиқарадиган омиллари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Семинар ишида Хоразм вилояти Савдо-саноат палатаси бошқармаси бошлиғи в.б. М.Йўлдошев ва бошқа бир қатор масъул идораларнинг вакиллари қатнашиб, бундай учрашувларни тизимли ташкил этишга келишиб олдилар.
Ташкил этилган семинар ишида Хоразм вилояти телерадиокомпанияси ва нуфузли газеталарнинг мухбирлари ҳам қатнашиб, учрашув тафсилотларини тарғиботида амалий ёрдамларини кўрсатдилар.
Ахборот хизмати